Офис ходимларига қандай касалликлар хавф солади?
Саломатлик
−
09 Октябрь
6097Сир эмас, бугун кўпчилик инсонлар иш ёки ўқиш сабабли асосий вақтини компьютер қаршисида ўтказади. Уларнинг наздида тинч ва осойишта хонада хотиржам ишлаш касбий хавф-хатарлардан холидек туйилади. Бироқ бундай шароитда меҳнат қилишнинг ҳам ўзига яраша муаммолари бор. Агар улардан ўз вақтида ҳимояланмаса, саломатликда жиддий ўзгаришлар пайдо бўлиши мумкин. Хўш, унда қандай қилиб шу каби касалликларнинг олдини олиш мумкин? Бу каби саволларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги жавоб берди.
Аксарият офис ходимлари бош оғриғи, сурункали чарчоқ, кўз ачишиши ёки қизариши, бел ва бўғим оғриқлари, қорин дам бўлиши ҳамда оёқ увушиши каби муаммолардан шикоят қилади. Ушбу ҳолат замонавий тиббиётда “офис ходими синдроми” дейилади.
Албатта, бу муаммо ўз-ўзидан юзага келмайди. Хусусан, хизмат тақозоси билан бир жойда ўтириб ишлайдиган кишилар камҳаракат бўлади. Жисмоний фаоллик суст бўлса, танада қон айланиши меъёрда кечмайди. Оқибатда инсонда ортиқча вазн ва семизлик келиб чиқади.
Шунингдек, ҳаракатсиз ҳолатда (кўпинча энгашиб ўтириш) узоқ вақт ўтирилганда бўғимлар “қотиб” қолади. Қон етиб келиши тўлиқ бажарилмагани боис оёқ увушади. Шу билан бирга, мазкур ҳолат бавосил тугунларининг ҳосил бўлиши, кичик тос аъзоси безовталиклари ҳамда вена қон томирларида варикоз кенгайишига олиб келади.
Бундан ташқари, узоқ вақт бир жойда ва компьютер қаршисида ўтириб ишлаш туфайли организмда яна бир муаммо – қуруқ кўзлар синдроми пайдо бўлади. Оқибатда кўз ичи қизариши (ачишиш, ёшланиш) ҳолати кўп кузатилади.
Хўш, бундай муаммолардан халос бўлиш учун қандай тавсияларга амал қилиш зарур?
Аввало, хонада стол, стул ва компьютернинг тўғри жойлашишига эътибор бериш керак. Бел ва бўйин оғриқларининг олдини олиш учун компьютер мониторини кўзнинг текислигида ўрнатиш ва стулнинг белга ёрдам берувчи орқаси бўлишига аҳамият бериш лозим.
Ҳар бир офис ходими иш вақти давомида (имкон қадар ҳар бир-икки соатда) 5-10 дақиқалик танаффус қилиши мақсадга мувофиқ. Бу пайтда бир неча маротаба ўтириб, туриш, гавдани ён томонга ҳаракатлантириш, бошни соат мили бўйлаб айлантириш, лифт ўрнига зинадан фойдаланиш тавсия этилади.
Бел оғриқларидан ҳимояланишда курси суянчиғига махсус ортопедик ёстиқ ўрнатиш мақсадга мувофиқ. Ҳатто, бундай ёстиқлар бавосил билан оғриган кишилар учун ҳам тавсия этилади.
Ҳар икки соатда бўйин мушаклари учун машқ бажарилиши, бўйин остеохондрози профилактикаси ҳисобланади. Айниқса, энса ва курак соҳасида оғриқ, увушиш кузатилганида бундай машқлар ғоят фойдали.
Офис ходимларида тизза бўғимларининг бир хил букилган ёки ёзилган ҳолатда кўп қолиб кетиши оқибатида унинг дренаж функцияси, озиқланиши бузилади. Оқибатда артроз-бўғим касаллиги келиб чиқади. Шу боис оёқлар ҳолатини алмаштириб туриш, ўтирган ҳолда велосипед ҳаракатларини олдинга ва орқага бажариш, чуқур нафас чиқариб ўтириш ва чуқур нафас олган ҳолда туриш машқларини бажариш керак.
Компьютерга узоқ вақт қараш кўзлар чарчашига олиб келиши сабабли уларни ўнг, чап, тепа ва пастга ҳаракатлантириш, тез-тез юмиб, очиш жуда фойдали. Муҳими, компьютер қаршисида узоқ вақт ўтирмаслик, ҳар 20 дақиқада 20 сония 6 метр масофага қараш кўзлар чарчашининг олдини олади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қариш жараёнини секинлаштириш учун қандай овқатланиш кераклиги ҳақида маълумотлар берилганди.
LiveБарчаси