Одил Аҳмедов нега ЎФА “тахти”га чиқмоқчи эмас?
Интервью
−
07 Февраль 10426 2 дақиқа
2025 йил бошидаёқ ўзбек футболида катта воқеалар юз берди. Ўзбек футболчиси дунёнинг энг кучли клубларидан бирга ўтди, Жаҳон чемпионати саралаши ўз кульминациясига келган бир даврда терма жамоада мураббий алмашди ва шунингдек, тез орада Ўзбекистонда бош футбол ташкилоти – Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) раҳбариятида ҳам ўзгариш бўлиши аниқ бўлиб улгурди. Бир сўз билан айтганда, ўзбек футболида янги инқилоб бошланди.
Шу мавзулар юзасидан QALAMPIR.UZ ЎФА вице-президенти Одил Аҳмедовнинг фикрларига қизиқиб, афсонавий футболчи билан интервью ташкил қилди.
Интервью давомида Аҳмедов Абдуқодир Ҳусановнинг “Манчестер Сити”га ўтгани, унинг клубдаги дебюти ва адаптация жараёнлари ҳақида мулоҳазали фикрларини билдирди.
“Англия ва Франция чемпионати ўртасида яхшигина фарқ мавжуд. Англия жамоалари нисбатан анча курашувчан ҳисобланади. Мен биринчи ўйинда Абдуқодирни захирадан майдонга тушса керак деб ўйлагандим, лекин Гвардиола уни жуда муҳим баҳсда асосий таркибда майдонга туширди. Бунақа дебютда ёш футболчида ҳаяжон бўлиши табиий ва бу Ҳусановда ҳам сезилди. Ана шундай муҳим даврда “Ман Сити” футболчилари Абдуқодирни доимий қўллаб-қувватлаганига қойил қолиш керак”, дейди Аҳмедов.
Шунингдек, Аҳмедов ўз вақтида нега Лондоннинг “Арсенал” клубига ўтмаганига ҳам изоҳ берди.
“Ўша вақтда “Анжи” жуда катта лойиҳа бўлган. Жамоа ўз олдига яхши мақсадларни қўйган. Ўшанда клуб хўжайини мен билан гаплашиб, менга катта ишонч билдираётганини айтиб, “Арсенал”га қўйиб юбормаслигини билдирган. Шу билан бу мавзуни ёпганмиз”, дейди Аҳмедов.
Интервью давомида ЎФА вице-президенти терма жамоадаги ўзгаришларга ҳам тўхталиб ўтди.
“Катанец охирги марта соғлиги ёмонлашганда ишлай олиш имконияти йўқлигини билдирди ва уни ҳеч қанақасига термада олиб қолиб бўлмасди. Терма жамоа постига Темур Кападзе келди ва ўйлайманки, у жамоани Жаҳон чемпионатига олиб чиқишнинг уддасидан чиқади”, дейди собиқ футболчи.
Одил Аҳмедов QALAMPIR.UZ билан интервью давомида яна қайси ўзбекистонлик футболчиларнинг хориж клубларида тўп тепишга потенциали етишини ва “Одил жуниор” мактабининг фаолияти билан боғлиқ саволларга жавоб берди.
Тўлиқ интервьюни QALAMPIR.UZ’нинг YouTube каналида томоша қилинг!