Одамларни миллионлаб долларларга “ухлатган” собиқ ИИБ ходими қамалди
3-саҳифа
−
15:50 3408 3 дақиқа
Самарқанд вилоятида формаси, гувоҳномаси ва хизмат автомобилидан фойдаланиб, одамларни алдаган собиқ ички ишлар ходимига суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда “Замон” дастурида хабар берилди.
Қайд этилишича, Жиноят ишлари бўйича Ургут туман судида кўриб чиқилган ишда судланувчи Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида лейтенант лавозимида ишлагани маълум қилинган.
Судланувчи фуқароларнинг автомобилларини олиб, қисқа муддат ичида пулларини қайтариб беришни ваъда қилган. Унинг одамлар ишончига киришида ички ишлар ходими экани, хизмат формасида ва хизмат машинасида юриши ҳам муҳим омил бўлган.
Жабрланувчилардан бирининг айтишича, судланувчи ундан 2020 йилда ишлаб чиқарилган Gentra автомобилини 14 минг долларга олган ва пулини 20 сентябрь куни беришини ваъда қилган.
Бошқа бир жабрланувчи эса судланувчи хизмат машинасини ҳам кафолат сифатида кўрсатгани, шунингдек, хизмат гувоҳномасини бериб, пулини қайтариб беришига ишонтирганини билдирган. Маълум бўлишича, судланувчи Тойлоқ туманида ўнлаб фуқаролардан автомобиллар олган. Жабрланувчилар сони кўплиги сабабли жиноят иши бир неча қисмга ажратилган.
Навбатдаги суд мажлисида жиноят ишининг 26 та ҳолати бўйича 10 нафар жабрланувчига оид қисми кўриб чиқилган. Иш доирасида фуқароларга етказилган зарар қарийб 6 миллиард сўмни ташкил этгани қайд этилган.
Судда Ургут туман прокурори ўринбосари Абдулла Султонов судланувчига 9 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни сўраган.
Давлат айбловчисининг айтишича, судланувчи мансабдор шахс бўла туриб, фуқароларнинг ишончига кирган ва уларнинг автомашиналарини сотиб беришини айтиб, жами қарийб 6 миллиард сўмлик моддий зарар етказган. Бу ҳолатлар жабрланувчиларнинг аризалари, кўрсатмалари, юзлаштириш баённомалари ҳамда бошқа далиллар билан ўз тасдиғини топган.
Судланувчи эса судда ўзининг ҳам бошқа бир аёлнинг ваъдаларига ишониб, мазкур ҳолатга тушиб қолганини айтган. У қилмишидан пушаймонлигини билдириб, жабрланганлар, фуқаролар ва давлатдан кечирим сўраган.
“Бу мавзу тўрт йилдан бери давом этяпти. Машинам бор дейди, келади, пулим бор дейди, келади, уйим бор дейди, бошқа. Кимга ёқмайди? 10 минг доллар пулини 15 минг доллар мажбурлаб, масалан, битта фуқаро пули берган бўлса, иккинчисини етаклаб келади, машинасини оласанми деб. Ҳозир кўчадан олган бўлсам, бошига бир миллион доллар пул олганман, зўр бўлса. Ҳисобласангиз, бир миллион долларга ҳам етмайди. Ҳозирги кеча-кундузга ҳисобласангиз, у ёққа уч миллион, у ёққа тўланган пуллар бир-икки миллионга яқин, беш миллион, “почти” олти миллион доллар мана бу бўйнимга эски фоиз-поиз билан қўшилиб келяпти. Авваламбор, ота-онамдан, фуқаролардан, давлатимиздан кечирим сўрайман”, дейди судланувчи.
Суд раиси Бобур Шерматов иш бўйича тўпланган далилларни таҳлил қилиб, якуний ҳукмни эълон қилган.
Унга кўра, собиқ ички ишлар ходими Жиноят кодексининг эски таҳрирдаги 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган.
Суд унга мазкур модда билан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган. Жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда йўл-патруль хизмати инспекторининг қўлини автомобиль ойнаси орасида қисиб, машинани бошқариб кетган ҳайдовчи қамоққа олингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси