Чиқинда муаммосини маъмурий йўл билан ҳал этиб бўлмайди – Мирзиёев
Жамият
−
02 Февраль 2022
9044Бугунги кунда Ўзбекистонда одамлар ҳатто эшиги ва ҳовлиси атрофини тозалашдан, саранжом-саришта қилиб қўйишдан эринадиган бўлиб қолган. Бу ҳақда бугун, 2 февраль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ва ҳудудлардаги экологик ҳолатни яхшилаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2022 йилдаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтди.
“Ҳаммангиз яхши биласиз, халқимиз азалдан табиатни муқаддас деб билган. Тупроқни, сувни, ҳавони, остонасини пок сақлашга интилган. Халқимизда “Бирни кессанг, ўнни эк” деган доно мақол ҳам бежиз айтилмаган.
Оилада янги фарзанд дунёга келса, унга атаб ниҳол экилган. Афсуски, мана шу эзгу одатлар бугун деярли йўқолиб кетди.
Одамларимиз ҳатто эшиги ва ҳовлиси атрофини тозалашдан, дарахт, гул, кўчат экиб, саранжом-саришта қилиб қўйишдан эринадиган бўлиб қолди”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Президент бу масалада ОАВ орқали ҳамда маҳаллаларда бонг урилмаётганини танқид қилиб, маҳалла фаоллари, нуронийлар ва жамоатчилик томошабин бўлиб қолаётганини таъкидлади.
“Бугун дунё миқёсида техника ва технология, саноат юқори даражада ривожланган XXI асрда экология билан боғлиқ муаммолар биринчи даражали муаммо сифатида кун тартибига чиқаётгани бежиз эмас.
Биз бу масалада фақат бугунни эмас, яқин ва узоқ келажакни ўйлаб иш тутмасак, кўзлаган мақсадимизга эриша олмаймиз”, деган Президент Мирзиёев.
У сўзда давом этиб, келажак авлодга муносиб табиий муҳит қолдириш муҳим эканини, бунинг учун экологик маданиятни ошириш зарурлигини қўшимча қилди.
“Авлодларимиз биздан кейин ҳам муносиб табиий муҳитда яшашлари учун биз табиатга меҳр ва эътибор беришимиз, у билан уйғун бўлиб яшашимиз керак.
Бу нима дегани? Бу – табиатни тоза-озода тутиш, ер ва сув ресурсларини, экологик тизимни асраш, дарахт экиб, боғ яратиш дегани.
Энг муҳим масала – аҳолининг экологик маданиятини ошириш ҳақида жиддий бош қотиришимиз зарур. Бугун кўчага ёки исталган жойга қаранг. Ҳамма жойда одамлар ташлаб кетган чиқиндиларни кўрасиз. Биз она юртимизни муқаддас деймиз. Агар шу юрт, шу тупроқ биз учун муқаддас бўлса, нима учун уни тоза-озода сақламаймиз?”, дейди Президент.
Шавкат Мирзиёев бундай муаммоларни фақат маъмурий йўл билан ҳал этиб бўлмаслигини қўшимча қилди.
“Бунга ёш авлод қалбида она табиатга меҳр-муҳаббат, унга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш орқали эришиш мумкин.
Маҳаллада, кўчаларда чиқинди ташлаган кишини кўрганда, “бу ишингиз нотўғри бўлди”, дейдиган муҳитни шакллантиришимиз, одамларимизни бунга ўргатишимиз керак. Бу – ҳаммамизнинг ишимиз ва инсоний бурчимиздир”, дейди Мирзиёев.
LiveБарчаси