ОАВга норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоатчилик экспертизасини ўтказиш ҳуқуқи берилди
Жамият
−
22 Июнь 2023
3903Оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоатчилик экспертизасини ўтказиш ҳуқуқи берилмоқда. Бу ҳақда бугун, 22 июнь куни Сенатнинг қирқ иккинчи мажлисида “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилиши жараёнида маълум қилинди.
Билдирилишича, жамоатчилик томонидан тақдим этилган таклиф ва тавсиялар тегишли давлат органлари ва ташкилотлари томонидан мажбурий равишда кўриб чиқилади. Коррупцияга қарши экспертизани ўтказишга оид фаолиятни услубий жиҳатдан таъминлаш ҳамда мониторинг қилиш эса Адлия вазирлигига юклатилади.
Таъкидланишича, бугунги кунга қадар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш қонун билан эмас, балки Адлия вазирлигининг буйруғи билан тасдиқланган низом асосида тартибга солинган. Бу эса қонунчилик ҳужжатларида коррупциявий бўшлиқларнинг юзага келишига замин яратган.
Янги Қонун билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасининг асосий принциплари белгиланган.
Унга кўра, эндиликда коррупцияга қарши экспертизани ўтказиш нафақат Адлия вазирлиги томонидан, балки Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, юридик хизмат ходимлари ҳамда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш ўз зиммасига юклатилган давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин.