Нурсултон Рўзибоев Борральога жавоб қайтарди
Спорт
−
24 Июль 2023
8976Ўзбекистонлик UFC жангчиси Нурсултон Рўзибоев бразилиялик рақиби Кайо Борральонинг Twitter'даги гапларига жавоб қайтарди. Аввалроқ бразилиялик Рўзибоевни “синдириб” ташлаш ниятида эканини маълум қилган эди.
“Кўп гап эшакка юк. Худо хоҳласа, ҳаммасини жангда ҳал қиламиз”, дейди Нурсултон Рўзибоев.
Шунингдек, Борральонинг пости ўзбекистонлик ММА'чиларининг ҳам кескин норозилигига сабаб бўлмоқда.
Борральонинг танқидий сўзларига ўзбекистонлик собиқ UFC жангчиси Саидёқуб Қаҳрамонов қуйидагича жавоб қайтарди.
“Бу Ўзбекистон, мен Бразилияни яхши кўраман. Айниқса унинг соҳиллари жуда ёқади”, деб киноя қилган Қаҳрамонов.
Энг енгил вазнда ўзбекистонлик аралаш яккакураш устаси Фирдавс Ҳасанов ҳам Тwitter'даги саҳифаси орқали бразилиялик Кайо Борральога мурожаат қилди.
“Ўзбекистон ҳам сени ҳурмат қилади, бироқ бизнинг жангчимиз сени “синдиради”. Бу жуда тез содир бўлади”, дейди Ҳасанов.
Маълумот учун, Рўзибоев бунга қадар 43 марта октагонга кўтарилиб, 35 та жангида ғалаба қозонган, 8 та баҳсда эса рақибларига имкониятни бой берган. Унинг UFC'даги натижаси 1-0 ва Рўзибоев ҳам промоушендаги илк жангида бразилиялик ММА'чи Бруно Феррейра билан жанг қилиб, уни нокаутга учратган эди. Кайо Борральо эса фаолияти давомида 15 та жангда қатнашиб, 14 марта ғалабага эришган ва 1 марта имкониятни бой берган. Борральо UFC'да 4 та жанг ўтказган ва барчасида ғалаба қозонган.
Эслатиб ўтамиз, Нурсултон Рўзибоев ва Кайо Борральо ўртасидаги жанг жорий йилнинг 4 ноябрь куни Бразилиянинг Сан-Пауло шаҳрида жойлашган “Ibirapuera Gymnasium” мажмуасида, UFC Fight Night мусобақаси доирасида ташкил этилади.
LiveБарчаси