Нурсултон Назарбоев судда ютқазди

Олам

image

Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг “Ар-Бедел” жамоат фонди марафончи Марат Жиланбоевнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш бўйича ишида мағлуб бўлди. Бу ҳақда ORDA.KZ хабар бермоқда.  

Таъкидланишича, “Ар-Бедел” жамоат фонди фуқаролик судига таниқли марафончи Марат Жиланбоевни ижтимоий тармоқлардаги постлари учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги даъво аризаси киритган. Даъвогарнинг сўзларига кўра, спортчининг постлари Нурсултон Назарбоевнинг шаъни ва қадр-қимматини обрўсизлантирган. 

“Иш “Ар-Бедел” жамоат фондининг келажакда зарар етказиш хавфи — Фуқаролик кодексининг 918-моддаси бўйича даъвосига асосланди. Фонд пойтахт судига Марат Жиланбоевни Facebook’даги постларни ўчириш мажбуриятини юклаш тўғрисида даъво аризаси киритди”, деган марафончининг адвокатларидан бири Бауиржан Азанов. 

Даъво аризасига кўра, Марат Жиланбоев “инсон қадр-қиммати ва ижтимоий маънавиятини камситувчи, жамият, давлат ва Қозоғистоннинг Биринчи Президентига очиқдан-очиқ ҳурматсизликни ифодаловчи, туҳмат қилувчи маълумотларни тарқатиш бўйича ноқонуний фаолиятни амалга оширган”. 

Адвокатга кўра, фуқаролик иши тугатилган. 

“Марат Жиланбоевнинг ўзи Facebook’даги саҳифасидан бирор нарсани ўчиришдан қатъиян бош тортди, бу ҳақда у судда айтди”, деган адвокат. 

Маълумот ўрнида, 2020 йилда ташкил этилган Жамоат фонди ўз фаолияти давомида амалдаги ҳукуматни ёки бевосита биринчи Президентни танқид қилганларга қарши даъволар билан судга мурожаат қилган. Ижтимоий фаоллар жамғармани ҳокимият танқидчиларини таъқиб қилиш турларидан бири деб аташади.

Назарбоев атрофида нималар содир бўляпти? 

18 январь куни халққа видеомурожаат билан чиққан Назарбоев Қозоғистонда жорий йилнинг илк кунларида содир бўлган қонли тўқнашувлар бошланганидан буён илк маротаба оммага кўриниш берди. Назарбоевнинг видеомурожаати унинг You Tube’даги Матбуот хизмати расмий каналида эълон қилинган.

Мурожаатда собиқ президент "Мен 2019 йили ўз ваколатларимни Президент Қосим-Жомарт Тўқаевга топширганман. Ўшандан бери пенсионер ҳисобланаман. Айни дамда Қозоғистон пойтахтида дам оляпман ва ҳеч қаерга кетганим йўқ", дея билдирган.

У яна бутун қозоқ халқини ҳозирги таҳликали вазиятда мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев атрофида бирлашишга чақирган.

Охирги кунларда Биринчи Президент Нурсултон Назарбоев ва унинг оила аъзолари атрофидаги гап-сўзлар соат сайин ортди. Бунга ҳамоҳанг тарзда охирги машмашалар фонида Назарбоев ва оиласи муносабат билдирмади. Олма-отада эса унинг собиқ қароргоҳига ўт қўйилди, ҳайкали ағдарилди. Мураккаб вазият бироз тин олгач, Назарбоев яна пайдо бўлди. Тўғрироғи, унинг матбуот котиби Назарбоевнинг Нур-Султондалигини айтиб, Элбоши номидан халқни Президент Тўқаев атрофида бирлашишга чақирди. 

Аввалроқ, Қозоғистон собиқ Президентининг кенжа қизи Алия Назарбоева Instagram ижтимоий тармоғидаги аккаунти орқали БААда экани аниқланганди. Бироқ бундан кўп ўтмай, унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ўчириб ташланди.

2019 йил март ойида Президент лавозимини Қосим-Жомарт Тўқаевга топшириб, Элбоши рутбасини олган ва Хавфсизлик Кенгашини бошқариб келаётган Нурсултон Назарбоев Қозоғистондаги намойишлар авж олиши фонида Хавфсизлик Кенгаши бошқарувини ҳам қўш қўллаб Президент Тўқаевга топширди. Ўшандан буён унинг қаердалиги шубҳа остида. Гарчи Назарбоевнинг атрофидагилар 8 январдан бошлаб тилга кириб, унинг мамлакатда бўлиб турганини айтаётган бўлса-да, собиқ Президент видеомурожаат йўллашдан бошқа, ҳозиргача ҳеч ерда кўриниш бермади. Ҳатто, тўнғич қизи – депутат Дариға Назарбоева ҳам 11-12 январь кунлари бўлиб ўтган Парламент ялпи мажлисида иштирок этмаган. Унинг коронавирусга чалингани ва касаллик сабаб таътилда экани айтилди.

Назарбоевнинг куёвлари: Алиянинг (кенжа қизи) турмуш ўртоғи Димаш Досанов “Казтрансойл” АЖ раҳбаригидан, Дариғанинг (тўнғич қизи) турмуш ўртоғи Кайрат Шарипбаев “QazaqGaz” миллий компанияси АЖ раҳбарлигидан кетди. 17 январь куни ўртанча қиз Динаранинг турмуш ўртоғи Тимур Кулибаев “Атамекен” миллий тадбиркорлар палатаси президиуми раиси лавозимини тарк этди. 

Шунингдек, Қозоғистоннинг собиқ Президенти Нурсултон Назарбоевнинг узоқ йиллик ҳамкори, мамалакат Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) собиқ раиси Карим Масимов давлатга хиёнат қилиш факти бўйича ҳибсга олинди. Карим Масимовдан ташқари, МХҚ раисининг собиқ ўринбосари – “А”, Махсус мақсадли хизмат бўлими бошлиғи А.Садиқулов ва МХҚ раиси ўринбосари Д.Ергожинлар ҳам қўлга олинган.

17 январь куни Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Элбошининг жияни – Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Самат Абишни лавозимидан озод этиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.


Мақола муаллифи

Теглар

Назарбоев

Баҳолаганлар

178

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг