Нурмуҳаммедовда илк мағлубият, Махачевдан тезкор финиш
Спорт
−
19 Январь
1114719 январь тонгида АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида йилнинг илк рақамли турнири UFC 311 бўлиб ўтди. Ушбу мусобақада енгил ва энг енгил вазн тоифасида чемпионлар номи аниқ бўлди. Шунингдек, Иржи Прохазка Жамал Хилни нокаутга учратди. Ўзбекистонлик жангчи Богдан Гуськов рақибини иккинчи раундда “ухлатиб қўйди”.
ТОПлар қаторига интилаётган Богдан Гуськов
Турнир прелим кардида ярим оғир вазн тоифаси вакиллари ўзбекистонлик жангчи Богдан Гуськов октагонда америкалик Билли Элеканога қарши чиқди. Дастлабки раундда Гуськов рақибини бўғиб қўйди, Элекано таслим бўлганини билдирди. Аммо ҳакам раунд тугаши билан жангчиларни ажратди. Шунга қарамай, руҳий устунликка эришган Богдан рақиб томон зарбалар “ёмғири”ни ёғдира бошлади. Элекано қаршилик кўрсатмади ва Гуськов бўйинни ушлаб, уни бўғиб қўяқолди. Шу тариқа, ўзбекистонлик спортчи промоушенда ўзининг нималарга қодир эканини намойиш этишда давом этди. Албатта, Жонни Уокер Элеканодан кўра жиддийроқ рақиб эди, чунки Уокер Топ-10 рейтингда жойлашган. Воқеалар ривожини кузатамиз, Дана Уайт Гуськовга энди қайси жангчини берар экан?
Ўзининг прайм даврига қайтаётган Прохазка
Турнир асосий кардида ярим оғир вазн тоифасининг икки собиқ чемпионлари чехиялик Иржи Прохазка ва америкалик Жамал Хилл октагонга кўтарилди. Биринчи ва иккинчи раундда ҳар икки томон жангни назорат қилишга тушди ва Прохазка Хиллдан кўра фаолроқ ишлади. Учинчи раундда эса Иржи ўша фаолликни нокаутга ўзгартира олди. Яъни Иржи кетма-кет зарбалардан кейин Хиллни йиқитди, аммо Жамал ўрнидан турди. Лекин Прохазка босимни давом эттириб, жангни ўз фойдасига ҳал қилди. Бундай йирик ғалабадан кейин чехиялик жангчи яна бир бор чемпионлик жангига муносиб эканлигини исботлади.
Шу жанг бошланишидан аввал, Дана Уайт 8 март кунги UFC 313 турнирида ярим оғир вазн тоифаси чемпиони Алекс Перейра биринчи рақамли даъвогар Магомед Анкалаевга қарши камарини ҳимоя қилишини маълум қилди. Ушбу жанг ғолиби катта эҳтимол Иржи Прохазкага қарши жанг қилади.
Умар Нурмуҳаммедов фаолиятидаги илк мағлубият
Турнирнинг “co main event”ида энг енгил вазн тоифаси чемпиони Мераб Двалишвили даъвогарлик жангигача етиб келган Умар Нурмуҳаммедовга қарши камарини ҳимоя қилди. Беш раундга мўлжалланган жанг тўлиқ давом этди ва грузиялик жангчи Мераб Двалишвили очколар ҳисобига кўра ғалаба қозонди. Биринчи ва иккинчи раундни Умар фаоллик кўрсатди ва раундларни ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Аммо фаолликни давом эттиролмади. Бундан эса Мераб унумли фойдаланди ва 3-4-5-раундларда ҳам тик турган ҳолатда, ҳам партерда Умарни анча қийин аҳволга солиб қўйди. Шунинг ҳисобига Двалишвили жангни ўз фойдасига ҳал қилди. Жангдан олдин ростдан ҳам Умар чемпионлик жангига лойиқ ва тайёрми, деган савол кўпчиликни қийнаб келганди ва бугун шу саволга жавоб топилди. Мерабгача бўлган рақиблар орасида деярли рейтингдаги жангчилар йўқ эди. Биргина Кори Сэндхагенни очколар ҳисобига кўра мағлуб этиб, бу ергача етиб келганди. Мераб эса тажрибали эканлигини яна бир бор исботлади. Жангни назорат қилди, кардио бўйича мукаммаллигини яна бир бор кўрсатиб қўйди ва 5-раундда ҳам фаол босим билан рақибига зарба йўллашга йўл бермади. Жангдан кейин Умар биринчи раундда қўлини синдириб олганини кўрсатди. Аммо бу мағлубиятга сабаб, дея кўрсатилмайди. Шу тариқа, Мераб Двалишвили илк камар ҳимоя жангида ғалаба қозониб, чемпионликни сақлаб қолди. Умар эса фаолиятидаги илк мағлубиятини шу тарзда қабул қилиб олди.
Махачевдан тезкор финиш!
Турнирнинг марказий жангида енгил вазн тоифаси чемпиони Ислом Махачев кутилмаганда даъвогарга айланган Ренато Мойканога қарши октагонга чиқди. Жанг бошиданоқ Мойкано нокаут овлашга киришди. Бир марта Махачевни мувозанатдан чиқаришга улгурди, аммо Ислом тезда ўзига келди. У жангни партерга ўтказди ва қисқа вақт ичида рақибнинг бўйнидан бўғиб, жангни биринчи раунддаёқ якунлади. Шу тариқа, Махачев хотиржам камарини ҳимоя қилди ва турнирга йиғилганларга ўзининг шу ерда эканлигини эслатиб қўйди.
Албатта, Арман Царукян бунақа тез таслим бўлмасди, дейдиганлар бор. Бир томондан тўғридир, чунки Царукян кураш борасида Махачевга яхшигина қаршилик кўрсата оларди. Буни у биринчи жангда ҳам исботлаб қўйган. Аммо Арман жароҳат сабаб жангда иштирок этолмади ва Дана Уайт Махачевга рақиб қилиб Мойканони берди. Ренатони ҳам ҳурмат қилиш керак, чунки у жуда қисқа вақт ичида чемпионлик жангини қабул қилди.
Жангдан кейинги матбуот анжуманида Дана Уайт Арман Царукян энди яна бир бор даъвогарлик жангида иштирок этишини маълум қилди. Шунингдек, енгил вазн тоифаси етакчиларидан бири Жастин Гетжи 8 март куни Дэн Хукерга қарши октагонга кўтарилади. Хуллас, бу тоифа назорати ҳали-ҳамон доғистонлик чемпион Ислом Махачевнинг қўлида қолмоқда.