Нурмуҳаммедов операция қилинди
Спорт
−
27 Июль 2023
7498Россиялик UFC жангчиси Умар Нурмуҳаммедов операция қилинди. Бу ҳақда унинг акаси Ҳабиб Нурмуҳаммедов Instagram саҳифасида маълум қилди.
Қайд этилишича, Умар елкасидан олган жиддий жароҳати туфайли шошилинч тарзда жарроҳлик столига ётқизилган. Ҳабибга кўра, операция муваффақиятли амалга оширилган.
“Кичкина, оз қолди. Тескари саноқ бошланди. Аллоҳ мушкулингни осон қилсин”, дейди Ҳабиб ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Шунингдек, тикланиш жараёнини бошдан ўтказаётган спортчи унинг сўзларига жавоб қайтарди.
“Барчаси ортда қолди, энди тикланиш керак”, деб ёзиб қолдирган Умар Нурмуҳаммедов.
Маълумот учун, Умар ММА'даги фаолияти давомида 16 та профессионал жанг ўтказиб, барчасида ғалаба қозонган.
Эслатиб ўтамиз, UFC'нинг энг енгил вазн тоифасидаги 11-рақамли жангчиси Умар Нурмуҳаммедов жорий йилнинг 5 август куни америкалик Кори Сэндхагенга қарши даъвогарлик мақомидаги жангда иштирок этиши керак эди, бироқ у елкасидаги жароҳат сабаб сафдан чиқди.