Норвегия Украина талаби билан Россия кемасини қўлга олди

Олам

image

Норвегия Украинага қарашли Нафтогаз давлат энергетика компаниясининг 4,22 миллиард долларлик компенсация талабини ундириш доирасида Россиянинг “Профессор Молчанов“ кемасини қўлга олди. Бу ҳақда “Reuters“ хабар берди.

Қайд этилишича, Россия кемаси Норвегиянинг Арктикадаги Свалбард архипелагидаги Барентсбург портида ушлаб қолинган. Норд-Тромс ва Сеня туман суди жорий йилнинг 31 август куни кемани қўлга олишга рухсат берган. Шунингдек, кема портда алоҳида кўрсатма берилгунга қадар Барентсбургда лангар ташлаб туриши белгиланган.

Мазкур қарор Нафтогазнинг 2014 йилда Россия Қримни аннексия қилганидан сўнг компанияга тегишли активлар тортиб олингани учун компенсация ундириш ҳаракатлари доирасида қабул қилинган. 2023 йил апрель ойида Гаагадаги арбитраж суди Россияни Нафтогазга 4,22 миллиард доллар, шунингдек фоизлар ва юридик харажатларни тўлашга мажбур қилган.

Маълумотларга кўра, “Профессор Молчанов“ кемаси экспедиция ва илмий-тадқиқот сафарларида, шунингдек, тижорий круизларда фойдаланилади. Қўлга олинган пайтда кемада россиялик олимлар бўлган. Улар ва экипаж аъзолари қўлга олинмаган.

Нафтогаз Россия ушбу компенсацияни тўламагани сабабли унинг активларини бошқа давлатларда ҳам ундиришга уринмоқда. Компания АҚШ, Франция, Буюк Британия ва Финляндияда Россияга тегишли активларни ҳибсга олиш бўйича чоралар кўрган.

Россия эса Норвегиянинг кемани ҳибсга олишини кескин танқид қилиб, бу ҳаракатни “қароқчилик“ деб атаган ва қарор устидан шикоят қилмоқда. Норвегия ҳукумати эса бу Нафтогаз ва Россия ўртасидаги ҳуқуқий низо эканини, Осло ҳукумати ишга томон сифатида аралашмаганини билдирган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг