Норин дарёсида биринчи “миллий” ГЭС ишга туширилди

Жамият

image

Бугун, 16 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи доирасида Норин дарёсида ГЭСлар каскадининг дастлабки босқичи ишга тушди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Ўтган йилнинг 25 март куни давлат раҳбари Наманган вилоятида янги ГЕС қурилишини бошлаб берган эди. Президент бу галги ташрифида ушбу энергетика иншоотини бориб кўрди.

Президент матбуот хизматининг ёзишича, ҳозирда “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан Норин дарёсида 6 та ГЭС каскади қурилиши бошланган. Лойиҳанинг умумий қиймати 428 миллион доллардан зиёд, умумий қуввати 228 мегаватт бўлади.

Биринчи босқичда ГЭС-1 ишга туширилди. Энг муҳими, у тўлиқ маҳаллий маҳсулот ва ускуналар асосида барпо этилди. Шу маънода, уни мамлакатдаги биринчи “миллий ГЭС” дейиш мумкин.

ГЭС-1 йиллик 171 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга. Бу ерда 130 та янги иш ўрни яратилади.

Таъкидланишича, лойиҳа натижасида 430 мингта хонадон электр энергияси билан таъминланади, йилига 290 миллион куб метр газ тежалади. Бу иқтисодиёт учун қарийб 300 миллиард сўмлик қўшимча манфаат демакдир.

Ўзбекистон гидроэнергетикаси тарихида илк бор ушбу лойиҳа доирасида горизонтал капсула шаклидаги гидроагрегатлар жорий этилди. Улар кичик босим шароитида ҳам юқори самарадорлиги билан ажралиб туради ва миллий гидроэнергетика соҳасида янги босқични бошлаб бермоқда.

ГЭСда сув тўсиш иншооти ҳам қурилди. Шунингдек, ҳудудда маъмурий ва хизмат бинолари, диспетчерлик пункти барпо этилди. Атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва ҳудудни обод қилиш мақсадида 6 минг туп манзарали дарахт экилди, келгуси баҳорда яна 7 минг туп мевали кўчат экиш режалаштирилган.

“Шу жиҳатлари билан бу ер нафақат энергетика, балки экотуризм ва рекреация масканига ҳам айланади”, дейилади хабарда.

Норин ГЭСлар каскади – яшил иқтисодиётни ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган стратегик лойиҳа ҳисобланади. 2026 йилда иккинчи ва учинчи, 2027 йилда қолган станциялар ҳам ишга туширилади. Қайд этилишича, ҳар бир станциянинг қуввати 38 мегаватт бўлиб, уларнинг фаолиятида қўшимча иш ўринлари яратилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилоятидаги “Чортоқ” сувомбори атрофида туризм комплекси, меҳмонхона, ресторан, дам олиш ва кўнгилочар масканлар ташкил қилиниши ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Наманган ГЭС Норин дарёси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг