Норбоева Бухорога бориб, тадбиркорларнинг дардига қулоқ тутди
Жамият
−
04 Сентябрь 2019
2863Бухорода тадбикорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида етарли ишлар олиб борилмагани сабаб 1 минг 50 та корхона ўз фаолиятини тўхтатган.
Бу каби масалалар бугун, 4 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигида ўтган халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг навбатдаги 60-сессиясида ўртага ташланган.
Йиғилишда тадбиркорлик ривожига ҳалал бераётган муаммолар таҳлил этилар экан, кредитлашнинг бирламчи талаблари етарлича инобатга олинмагани, банклар ҳамда уларнинг мижозлари ўртасидаги муносабатларнинг лозим даражада йўлга қўйилмагани ана шундай тўсиқлардан бири эканлигига алоҳида урғу берилган. Бу йўналишдаги камчиликлар оқибатида бугунги кунда вилоятда муддатида қайтарилмаган кредит ва фоиз тўловларидан жами 23 миллиард 300 миллион сўмлик муаммоли қарздорликлар юзага келганлиги ҳам таъкидлаб ўтилди. Бундай ҳолат тижорат банкларининг молиявий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши баробарида миллиардлаб сўмлик маблағларни тадбиркорлик ривожи учун қайта йўналтириш имконини ҳам чекламоқда.
Бундан ташқари, жорий йил 1 август ҳолатига кўра вилоятда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг бюджет солиқ қарздорлиги 57,3 млрд сўмни ташкил қилди, август ойи давомида 22,5 млрд сўми ундирилиши таъминланди. Қолган қарздорликлар миқдорини камайтириш бўйича солиқ идоралари таъсирчан чораларни кўриши талаб этилиши алоҳида таъкидланди.
Шу билан бирга, вилоятда “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастурининг ижросини таъминлаш, айниқса, ёшлар тадбиркорлиги ва ташаббусларини рўёбга чиқариш борасидаги ишлар самарадорлиги ҳам пастлигича қолмоқда. 2019 йилга мўлжалланган мазкур дастур шу кунга қадар вилоятда бор-йўғи 33 фоизга бажарилган.
Бугунги кунда вилоятда 19 минг 685 та тадбиркорлик субъекти рўйхатга олинган бўлиб, жорий йилнинг ўзида 4 минг 452 та тадбиркорлик субъекти янгидан ташкил этилган.
Фаолият кўрсатмаётган кичик тадбиркорлик субъектлари Бухоро шаҳрида (208 та), Ғиждувон (218 та), Бухоро (155 та) ва Шофиркон (106 та) туманларида кўпчиликни ташкил этади.
Вилоятда янги солиқ режимига ўтиш борасида қатор ишлар амалга оширилган. Жорий йилдан бошлаб 2310 та субъект (ўтган йилда 381 та ёки 6 баравар кўп) ёки уларнинг 9,8 фоизи умумбелгиланган солиқ тизимига ўтказилган. Уларнинг 256 таси соддалаштирилган, 2054 таси стандарт 20 фоизли ставкада қўшилган қиймат солиғи тўловчиси ҳисобланади.
Жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида 1212 та субъектда ўтказилган камерал назорат натижасида жами 39,3 млрд сўмлик қайта ҳисоботлар олиниши таъминланган. Шунингдек, давлат солиқ хизмати органлари томонидан юборилган камерал назорат натижалари бўйича талабномаларга шубҳали жавоб берган 118 та субъектда экспресс ўрганиш ўтказилиб, улардан 10,6 млрд сўмлик бюджетга қўшимча маблағлар ҳисоблаб олинган.
Вилоят бўйича товар айланмаси ўтган 2018 йилда 1,0 млрд сўмдан ортган, якка тартибдаги тадбиркорлар сони 380 нафарни ташкил этиб, уларнинг 195 таси юридик шахс сифатида фаолият кўрсатмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь