Номаълум куйдирувчи газдан заҳарланиш мумкинми? “Ўзкимёсаноат” ССВга раддия берди
Жамият
−
30 Октябрь 2019
5728Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Навоийазот” АЖга қарашли ПВХ ишлаб чиқарувчи заводда фақулодда ҳолат юз бергани ҳақида маълум қилганди. Заводнинг 4 ишчиси номаълум куйдирувч газдан заҳарлангани айтилганди.
“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти мазкур хабар юзасидан қуйидагиларни маълум қилди.
Жорий йил 28 октябрь куни ПВХ заводи ва умуман “Навоийазот” АЖ ҳудудида ҳеч қандай фавқулодда ҳолат юз бермаган. Шу куни соат 17:00 лар атрофида “Навоийазот” АЖ Тиббий санитария қисмига “ПВХ, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуаси” қурилишида иштирок этаётган 4 нафар ходим ўзларини ёмон ҳис этганликлари туфайли шахсан мурожаат этганлар.
“Навоийазот” АЖ Тиббий санитария қисми тиббиёт ходимлари томонидан тиббий кўрик вақтида уларнинг организмида ҳеч қандай кимёвий моддалардан заҳарланиш аломатлари аниқланмаганлиги туфайли овқатдан заҳарланиш тахмини билан Навоий шаҳар юқумли касалликлар шифохонасига “Навоийазот” АЖ хизмат автомобилида олиб борилган. У ердаги кўрикдан сўнг бир нафар ходимга шу куннинг ўзида жавоб берилган, қолган 3 нафар мурожаат этган ходимлар Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг Навоий вилоят филиали токсикология бўлимида олиб қолинган ва 29 октябрь куни соат 10:00 да аҳволи яхшилиги туфайли шифохонадан чиқарилган.
Айни вақтда ушбу ходимлар ўз хизмат вазифасини бажармоқда.
“Ўзкимёсаноат” ССВ маълумотида келтирилган ҳамда текширилмаган баъзи маълумотларга ойдинлик киритиб ўтган. Яъни хабарда келтирилишича, “Тез тиббий ёрдам бригадаси воқеа жойига зудлик билан етиб борган” деб таъкидланган. Аслида тез тиббий ёрдам бригадаси заводга келмаган, аксинча ходимлар Навоий шаҳар юқумли касалликлар шифохонасига олиб борилган.
Шунингдек, тиббиётда “Номаълум куйдирувчи газдан” заҳарланиш ташхиси ҳақида маълумот мавжуд эмаслиги таъкидланган.