Нодирбек Абдусатторов жамоани қутқариб қолди
Спорт
−
20 Сентябрь
11504Айни кунларда Венгриянинг Будапешт шаҳрида 45-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадаси баҳслари ўтказилмоқда. Мусобақанинг 8-турида Ўзбекистон аёллар жамоаси америкалик шахматчиларга тўқнаш келди. Қизлар жамоаси 0,5 : 3,5 ҳисобида АҚШга ютқазди.
Эркаклар терма жамоаси эса қийин ўтган баҳсда Сербияни 2,5 : 1,5 ҳисобида мағлуб этди. Жамоанинг уч аъзоси дуранг натижа қайд этди. Ҳал қилувчи баҳсда Нодирбек Абдусатторов жамоа учун муҳим бўлган ғалабани олиб келди.
Маълумот учун, ушбу ғалабадан сўнг амалдаги чемпионлар, Ўзбекистон эркаклар жамоаси 2-ўринга кўтарилиб олди. Бугун, 20 сентябрь куни Ўзбекистон жамоаси 8-турнинг барчасида ғалаба қозониб келаётган Ҳиндистон жамоасига қарши баҳс олиб боради. Бундан аввалги мусобақада айнан Ҳиндистон устидан қозонилган ғалаба ўзбекистонликларга бош совринни олиб келганди. 8-турдаги мағлубият сабаб Ўзбекистон қизлар жамоаси 25-поғонага тушди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ жамоасининг етакчи шахматчиларидан бири ўзбекистонлик Гулруҳбегим Тоҳиржонова Ўзбекистон вакилларига қарши баҳсда иштирок этишни истамаганди. Тоҳиржонова 1-тахтада ўзбекистонлик Афруза Ҳамдамова билан баҳс олиб бориши керак эди, бироқ Тоҳиржонованинг ўрнини жамоадоши Карисса Шивен Йип эгаллаган.