Нодирбек Абдусатторов Лондондаги турнирнинг ғолиби бўлди

Спорт

image

Кеча, 4 декабрь куни Буюк Британиянинг Лондон шаҳридаги Emirates Stadium мажмуасида шахмат бўйича London Chess Classic 2025 турнирининг 8-тур ўйинлари якунига етди ва унда ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов ғалаба қозонди.

Мукофот жамғармаси 50 минг фунт стерлингни (796 млн 179 минг сўм) ташкил этувчи ушбу нуфузли мусобақада дунёнинг кучли шахматчилари қаторида бош соврин учун курашган ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов муддатидан аввал ғолиб бўлган.

У 8-турда мусобақанинг биринчи рақамли шахматчиси, Франция шарафини ҳимоя қилаётган Алиризо Фирўзжа билан дуранг ўйнаган ва 8 имкониятдан 7 очко тўплаб, финишга бир тур қолганида чемпионликни қўлга киритган. Фирўзжа 5 очко билан иккинчи ўринни эгаллаган. 

Ўзбекистонлик шахматчи сўнгги турда украиналик гроссмейстер Павел Эляновга қарши дона суради.

Абдусатторов иккинчи турда оқ доналарда АҚШ шарафини ҳимоя қилаётган ҳиндистонлик Мишра Абхиманюни, учинчи турда қора доналарда Англия шарафини ҳимоя қилаётган россиялик гроссмейстер Никита Витюговни, тўртинчи турда 54 ёшли британиялик шахматчи Майкл Адамсни, бешинчи турда грециялик Николас Теодоруни, олтинчи турда қора доналарда АҚШ чемпиони Сем Шенклендни, еттинчи турда оқ доналарда британиялик Люк Макшейнни мағлуб этган.

Нодирбек Абдусатторов London Chess Classic турниридаги ғалабасидан сўнг рейтингини 20 очкога яхшилаб, онлайн-жадвалда 22-ўриндан 12-ўринга кўтарилиб олди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида шахмат бўйича Жаҳон кубоги ўз якунига етганди. Унда ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдоров Жаҳон кубоги ғолиблигини қўлга киритганди. Президент Шавкат Мирзиёев эса Жавоҳир Синдоровга Президент совғаси – 3 хонали хонадон ва унинг мураббийларига пул мукофотлари, қолаверса, Синдоровга “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвонини топширганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Буюк Британия Нодирбек Абдусатторов London Chess Classic 2025 Emirates Stadium

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг