Нима сабабдан Тошкентда автомобиллар тирбандлиги ошиб кетди?
Жамият
−
11 Март 2020
8402Тошкент шаҳридаги Маҳтумқули кўчаси ва Оҳангарон шоссе автомобиль йўллари кесишмасида уч қаватли автомобиль йўл ўтказгичи қурилиши ҳудудда тирбандликни юзага келтираётгани қатор эътирозларга сабаб бўлаётган эди. QALAMPIR.UZ йўл ўтказгич қурилаётган ҳудудга бориб, масъулларга микрофон тутди. Масъуллардан йўл ўтказгич қачон ишга туширилиши, унинг имкониятлари ва бошқа саволларга жавоб олдик.
Маълум бўлишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги ПҚ-3632-сонли қарори асосида Тошкент шаҳрининг энг катта чорраҳаларидан бири бўлган Оҳангарон ва Паркент ҳамда Махтумқули ва Шарқий аэропорт кўчаларини боғловчи янги транспорт ечими қурилиши якунланмоқда.
Қурилиши 2018 йилнинг май ойида бошланган мазкур лойиҳа мамлакатдаги дастлабки уч поғоналик транспорт ечими ҳисобланади, унинг атрофида бирорта ҳам светофорлар бўлмайди. Автомобиллар барча йўналишда тўхтовсиз ҳаракатни давом эттириши туфайли тирбандликларнинг олди олинади, автомобилларни ўтказиш имконияти соатига 21 мингтага етади.
“Жорий йилнинг 5 март куни ижтимоий тармоқларда мазкур кўчаларда қурилиш ишлари бўлаётгани сабабли йўллар вақтинчалик ёпилиши ва бунда тирбандлик юзага келиши ҳақида огоҳлантиргандик. Афсуски, ҳамма ҳам интернет фойдаланувчиси эмас. Айримлар бехабар қолиши табиий. Фуқароларимиздан тирбандлик бўлаётгани учун узримизни сўраймиз. Шу вақтгача кўчаларни ёпмадик, қурилишнинг охирги босқичида технологик жараён сабаб кўчаларни ёпишга мажбур бўлдик. Бир ҳафтадан кейин йўл очилиши режалаштирилган. Шундан сўнг ҳаммаси ўз ўрнига тушиб кетади. Унгача бизни ҳам тушунишларини илтимос қилардик”, дейди Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати раҳбари Фурқат Маҳмудхўжаев.
Лойиҳада бош пудратчи “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг "Кўприккурилиш" Трести унитар корхонаси ҳисобланади. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси бюджети маблағларидан амалга оширилмоқда ва унинг қиймати 140,0 млрд сўмни ташкил этади. Ушбу транспорт ечими “Кўприкқурилишлойиҳа” УК ҳамда “Боштранслойиҳа” АЖ мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра, Оҳангарон ва Паркент кўчалари умумий узунлиги 502 метр бўлган туннел услубидаги йўл ўтказгич билан боғланади.
“Кўприкқурилиштаъмирлаш” дирекцияси техник назоратчи-муҳандиси Зафарбек Аҳатовга кўра, туннелнинг кенглиги 26,7 метр, кўприк ости баландлиги эса 5,5 метрни ташкил этади. Лойиҳанинг иккинчи поғонасида 2 та йўл ўтказгич барпо этилиши билан умумий диаметри 329,2 метрли ҳалқасимон йўл ҳаракати ташкил этилмоқда. Учинчи поғонаси эса Махтумқули ва Шарқий аэропорт кўчаларини боғловчи умумий узунлиги 593 метр, кенглиги 26 метр бўлган йўл ўтказгичдир. Унинг 411 метри эстакада, 182 метри эса таянч деворли қисмдан иборат.
“Қурилиш ишлари 2018 йилнинг бошида бошланган. Бу Ўзбекистондаги биринчи 3 қаватли йўл ўтказгич ҳисобланади. Тиргак деворлари монолит услубида қурилмоқда. Немис технологиялари асосида янгича асфалтлаш ишлари олиб борилмоқда”, дейди Зафарбек Аҳатов.
Бугунги кунда объектда қурилиш ишлари деярли якунланиб, ҳудудда ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Йўл ўтказгич қурилиш ишларига 50 дан ортиқ техника, машина ва механизмлар ҳамда 500 нафарга яқин малакали муҳандис ва ишчи ходим жалб қилинган.
LiveБарчаси