Ниқоб машмашаси: Солиқ қўмитаси сайтидан бир хабар “сирли” тарзда ғойиб бўлди
Жамият
−
08 Апрель 2020
17809Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида жойлашган тўйхона тиббий ниқоблар тикиладиган цехга айлантирилган. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берганди. Бироқ ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда жиддий муҳокамаларга сабаб бўлгач, хабар қўмитанинг расмий сайтидан олиб ташланган.
Маълум бўлишича, Чирчиқда жойлашган “Азия” тўйхонасида Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида рўйхатда турувчи 31 ёшли М.Э. қонуний ҳужжатларсиз тиббий ниқоб ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. У ўз фаолиятини 2 апрелдан бошлаган бўлган. Тегишли талабларга риоя қилмай, ҳудудда яшовчи 183 нафар ишчини ёллаган. Оғзаки келишув тузиб, ҳар бир ниқобга 60 сўмдан пул беришини айтган. Маҳсулот сифати ва санитария қоидаларига жавоб бериш масаласи ўрганилмаган.
Чирчиқ шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан 4 апрель куни бино текширилганда, 131 973 дона тайёр тиббий ниқоб, 170 000 дона ярим тайёр маҳсулот ва 21 дона клейлаш ускунаси, жами 301 994 дона, умумий нархи 156 миллион 696 минг сўмлик товар моддий бойликлар борлиги аниқланган. “Рейд” давомида тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқбузарлик ашёлари масала қонуний ҳал бўлгунга қадар вақтинчалик олиб қўйилган.
Ёдингизда бўлса, Соғлиқни сақлаш вазирининг 2020 йил 20 мартдаги 114-сон буйруғига биноан, тиббиёт ниқоблари тиббий буюмлар рўйхатидан чиқарилганди. Тиббий ниқобни ишлаб чиқариш, тайёрлаш ҳамда уни реализация қилиш учун лицензия талаб этилмайди дейилганди. Ушбу сиёсатдан кўзланган асосий мақсад, тиббий ниқоб ишлаб чиқарувчи тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва карантин вақтида ниқобга бўлган эҳтиёжни қондириш эди.
Бироқ Солиқ қўмитаси айнан мазкур маҳсулотга эҳтиёж борлиги, мавжуд цехлар уни етказиб бера олмаётган бир пайтда бунга қарши “рейд”лар ўтказиши қанчалик ўринли? Хабарда тадбиркор ноқонуний фаолият юритган дейилган. Бироқ бу қай даражада ноқонунийлиги ҳақида бирор сўз айтилмаган.
Ушбу хабар айни шу сабаб жиддий танқидларга сабаб бўлди. Шундан сўнг, хабар Солиқ қўмитаси сайтидан ғойиб бўлган ва ҳозирча бу ҳақда ҳеч қандай тушунтириш берилмаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь