Нигерияда жангарилар 200 дан ортиқ тинч аҳолини ўлдирди
Олам
−
09 Январь 2022
7799Нигериянинг шимоли-ғарбидаги Замфара штатида қуролли жангариларнинг аёвсиз ҳужуми оқибатида 200 дан ортиқ киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.
Қонли тўқнашувлар, 3 январь куни 100 дан ортиқ қуролли жангариларнинг ўлимига сабаб бўлган ҳукумат ҳарбийлари уюштирган ҳаво ҳужумига қарши жавоб бўлиши мумкин.
Қуролли жангарилар тинч аҳолининг уйларига ўт қўйиб, қурбонларнинг жасадини таҳқирлаб, бўлакларга ажратиб ташлаган.
Маҳаллий аҳолининг Reuters ахборот агентлигига маълум қилишича, жангарилар йўлида учраган барчани ўққа тута бошлаган.
Қайд этилишича, ҳужум Нигериянинг шимоли-ғарбидаги қуролланган жиноятчи гуруҳлар ва марказий ҳукумат вакиллари ўртасида йиллар мобайдида давом этиб келаётган қонли тўқнашувларнинг давомидир.
Жорий ҳафта, 7 январь куни 300 дан ортиқ қуролланган шахслар мотоциклда 9 та қишлоққа ҳужум қилиб, 100 дан ортиқ фуқаронинг ўлимига сабаб бўлгани хабар қилинган эди. Аммо сўнгги маълумотларга кўра, қурбонлар сони ортмоқда.
Бундан ташқари, қишлоқлардан бирида яшовчи Иди Мусага кўра, жангарилар ўзлари билан маҳаллий аҳолининг 2 000 дан зиёд қора молини ҳам ўғирлаб кетишган.
Нигерия президенти Муҳаммаду Бухорий кеча, 8 январь куни берган баёнотида ҳукумат жангариларга қарши курашда муросага келмаслигини билдирган.
"Мен бу ҳужумдан азият чеккан жамоалар ва бошқа нигерияликларни ишонтириб айтаманки, ҳукумат уларни ўз ҳолига ташлаб қўймайди. Биз бу қонунбузарларга қарши ҳар қачонгидан ҳам қаттиқ кураш бошлаганмиз. Қароқчиларнинг бегуноҳ одамларга қилган сўнгги ҳужумлари ҳарбий қўшинларимиз томонидан тинимсиз босим остида бўлган оммавий қотилларнинг ноумид ҳаракатидир", деган президент Бухорий.
5 январь куни Нигерия ҳукумати қароқчиларни расман террорчилар дея эълон қилиб, хавфсизлик кучларига жангарилар ва уларнинг тарафдорларига нисбатан қаттиқроқ чоралар кўришни буюрган.
Нигерия қуролли кучлари жорий ҳафтада минтақа бўйлаб 537 нафар “қуролланган бандитлар ва жиноий гуруҳ аъзолари”ни ўлдиргани ва ўтган йилнинг май ойидан буён 374 нафарини ҳибсга олгани ҳақида маълум қилган.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь