Нигерияда қароқчилар 10 кишини ўлдириб кетди
Олам
−
06 Ноябрь 2021
3709Нигерия шимолидаги икки қишлоқда қароқчилар камида 10 кишини ўлдириб кетди. Бу ҳақда Кадуна штати маҳаллий ҳокимиятига таяниб хабар берилган.
Қароқчилар Ягбак ва Унгван-Рухуго қишлоқларига ҳужум қилган. 10 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган, кўплаб уйлар таланган.
Ўз навбатида Нигериянинг “The Nation” газетаси Кадуна штати Хавфсизлик ва ички ишлар вазири Самуэл Аруваннинг “ўлганлар ва ярадорлар ҳақидаги” баёнотидан иқтибос келтирган, бироқ уларнинг аниқ сони айтилмаган. Аруван, шунингдек кўплаб уйлар ёниб кетганини қайд этган.
Нигерияда учинчи йилдирки, тинч аҳолига тўда ҳужумлари сезиларли даражада ошган. Жиноятчилар одамларни ўлдиради, тўлов учун гаровга олади, чорва молларини ўғирлайди, аҳолини қўрқитади, турли хил товламачилик қилади. Қароқчилар, шунингдек аҳолиси ҳукумат билан ҳамкорлик қиладиган қишлоқ ва шаҳарчаларга ҳам ҳужум қилади. Ҳукумат кенг тарқалган жиноятга қарши курашиш учун махсус полиция ва армия бўлинмаларидан фойдаланишга мажбур. Маҳаллий милиция бўлинмалари ҳам яратилмоқда.