Нигерия армияси 300 дан ортиқ қуролли жиноятчини ўлдирди
Олам
−
11 июл 1877 1 дақиқа
Кеча, 10 июль куни Нигерия армияси мамлакатнинг шимоли-ғарбидаги Замфара штатида ўтказилган махсус операция давомида 300 дан ортиқ қуролли жиноятчини ўлдирди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Маълум қилинишича, икки кун давом этган операция Гумми туманида ўтказилган. Замфара штати Ахборот комиссари Маҳмуд Муҳаммад Дантавасанинг билдиришича, амалиёт давомида 300 нафардан ортиқ қуролли шахс ўлдирилган. Операцияда ҳарбийлардан ташқари маҳаллий кўнгилли қўриқлаш гуруҳлари ҳам қатнашган.
Дастлабки маълумотларга кўра, қарийб минг нафар қуролли гуруҳ чорва молларини ўғирлаб кетган. Ҳарбийлар уларга қарши кенг кўламли амалиёт ўтказган. Икки ҳафта аввал ҳам ушбу гуруҳ лагерига ҳужум уюштирилган, бироқ ҳарбийлар сон жиҳатдан устун бўлган қуроллилар сабаб чекинишга мажбур бўлган.
Қайд этилишича, Нигериянинг шимолий ва марказий ҳудудларида чорва ўғирлиги, одам ўғирлаш ва товон пули талаб қилиш билан шуғулланувчи қуролли жиноий гуруҳлар узоқ йиллардан буён фаолият юритмоқда. Хавфсизлик бўйича мутахассислар айрим жиноий тўдалар ва жиҳодчи гуруҳлар сўнгги йилларда ўзаро ҳамкорликни кучайтирганини таъкидламоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нигериянинг шимоли-ғарбидаги Нигер штатида душман жамоалар ўртасида юз берган тўқнашувлар оқибатида камида 18 киши ҳалок бўлганди.
Live
Барчаси