Нигерда исёнчилар 3 вазир ва партия раҳбарини ҳибсга олди
Олам
−
02 Август 2023
3114Нигерда сўнгги икки кун ичида исёнчилар Президент Муҳаммад Базум ҳукуматидаги уч вазир ва партия етакчисини ҳибсга олди. Бу ҳақда Европа оммавий ахборот воситалари хабар берди.
Гап мамлакат Нефть вазири Сани Иссуфу Махамаду ҳақида кетмоқда, у ҳам Нигернинг собиқ президенти Махамаду Иссуфунинг ўғли ҳисобланади.
Бундан ташқари, Транспорт вазири Алма Умару, Конлар вазири Усейни Ҳадизат Якуб ва Демократия ва социалистик партия раиси Фумакойе Гадо ҳибсга олинган.
Президент Базум партияси ҳибсга олинган амалдорларни зудлик билан озод қилишга чақирган.
Шундан сўнг, Европа Иттифоқи ушбу ҳолатни қоралаб чиқди.
“Европа Иттифоқи Президент Муҳаммад Базум ҳукуматидаги вазирлар ва юқори мартабали амалдорларнинг Нигердаги исёнчилар томонидан ҳибсга олинишини қоралайди. Биз уларни зудлик билан озод қилишга чақирамиз”, деб ёзган Европа Иттифоқи дипломати Жозеп Боррель.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция Ташқи ишлар вазири Кетрин Колонна Нигердаги давлат тўнтариши билан боғлиқ вазиятдан Россия ҳам, минтақа давлатлари ҳам ўз манфаатлари йўлида фойдаланиши мумкинлигини айтиб чиққанди. Шунингдек, Нигерда минглаб намойишчилар Франция элчихонасига ҳужум қилганди. Бунга жавобан Франция Президенти Эммануэль Макрон Париж ўз фуқаролари ва хориждаги муассасаларга қарши ҳужумларга тоқат қилмаслигини айтиб, агар бундай ҳодисалар юзага келса, кескин жавоб беришга ваъда берган.
Маълумот учун, Нигер президент гвардиясининг бир гуруҳ ҳарбийлари (кейинчалик уларга мамлакат Қуролли кучлари қўмондонлиги ҳам қўшилди) жорий йилнинг 26 июль куни президент Муҳаммад Базумни қўлга олди.
Президент гвардияси бошлиғи Абдураҳмон Чиани ўзини янги давлат раҳбари деб эълон қилди. У давлат тўнтаришини коррупция ва давлат маблағларини ўзлаштиришга қарши курашиш истаги билан изоҳлади.
Базумнинг ағдарилиши БМТ, АҚШ, Европа Иттифоқи ва Африка Иттифоқи томонидан қораланган.
Париж Франция конституциявий тузумни тиклаш ва ҳокимиятдан четлатилган Президент Базумни ҳокимиятга қайтаришга қаратилган барча минтақавий ташаббусларни қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.