Нидерландияда разведка хизматининг собиқ раҳбари Бош вазир бўлди

Олам

image

Шу пайтгача Нидерландия Адлия ва хавфсизлик вазирлиги бош котиби лавозимини эгаллаб келган ва бундан аввал қиролликдаги AIVD разведка хизматини бошқарган Дик Схоф мамлакатнинг янги Бош вазири бўлди. Бу ҳақда NOS телеканали хабар берди.

Май ойи ўрталарида Нидерландияда тўртта ўнг қанот партияси ҳукмрон коалиция тузишга муваффақ бўлганди. Энди бу сиёсий кучлар Схофга Вазирлар Маҳкамасини тузишни топширди.

Кеча, 28 май куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Дик Схоф “барча нидерландияликлар учун Бош вазир” бўлишни ният қилганини айтди. Унинг қўшимча қилишича, у одамларнинг муаммоларига “жиддий” ёндашиш ва уларни ҳал қилиш йўлларини излаш ниятида. Схоф буни аниқ қандай қилишни режалаштираётганини ҳали айтмади.

Таъкидланишича, Схоф энди вазирлар ва давлат котибларини танлаши керак. Шундан сўнг қироллик парламенти кўрсатилган номзодлар юзасидан тингловлар ўтказиши керак бўлади. Янги Вазирлар Маҳкамаси 26 июнгача ишга киришиши режалаштирилган.

"Ҳозирда 67 ёшли Схоф Адлия ва хавфсизлик вазирлигидаги энг юқори лавозимли амалдор ҳисобланади. Илгари у AIVD разведка хизматини бошқарган, терроризмга қарши кураш ва хавфсизлик масалалари бўйича миллий координатор (NCTV) ва Иммиграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати (IND) директори бўлган", деб эслайди NOS.

Сиёсатчи Лейбористлар партиясининг аъзоси эди, лекин 2021 йилда уни тарк этди.

2023 йил июль ойида Нидерландиянинг ўша пайтдаги бош вазири Марк Рютте Вазирлар Маҳкамаси истеъфога чиқишини эълон қилди, бу эса муддатидан олдин сайловларга олиб келди. Истеъфога Рюттенинг мамлакат миграция сиёсатини қатъийлаштириш таклифи сабаб бўлди, уни ҳукумат коалициясида иштирок этаётган тўрт партиядан иккитаси қўллаб-қувватламади.

Нидерландияда 2023 йил 22 ноябрда навбатдан ташқари парламент сайловлари бўлиб ўтди ва 150 ўриндан 37 тасини олган ўнг қанот популистларининг ғалабаси билан якунланди.

Вилдерснинг коалиция тузишдаги биринчи уриниши PVV музокарачисининг истеъфоси туфайли муваффақиятсизликка учради. Март ойида томонлар янги Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг қарийб ярмини сиёсат билан боғлиқ бўлмаган, аммо маълум бир масала бўйича эксперт бўлган шахслардан иборат бўлишига келишиб олди.


Мақола муаллифи

Теглар

Нидерландия Дик Схоф

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг