Нидерландияда карантинга қарши йирик намойиш бўлиб ўтди

Олам

image

Нидерландиянинг Гаага шаҳри марказида коронавирус туфайли қўйилган чекловларга қарши норозилик намойиши бўлиб ўтди. Бунинг оқибатида 400 га яқин киши ҳибсга олинган, дея хабар беради шаҳар полицияси.

Голландия оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра, 21 июнь куни Гаага марказида бир неча минг киши ҳукуматнинг коронавирус тарқалишига қарши кураш чораларига қарши норозилик намойиши учун чиққан. Дастлаб шаҳар ҳокимияти намойишни тақиқлади, аммо кейинчалик кичик норозилик намойишига рухсат берди. Пешиндан кейин намойишчилар Маливельт паркида тўпланишди. Уларнинг баъзилари изоляция режими ва чекловларни бекор қилишни талаб қилди.

Намойиш тинч ўтаётган эди, аммо 13:30 га яқин (Москва вақти билан 16:30) воқеа жойига футбол ишқибозлари кела бошлади. Кўп ўтмай, полициячилар намойишчиларни орқага қайтариш учун шаҳар марказидаги савдо майдончасини ёпди. Полиция махсус кучлари етиб келиб, парламент мажмуасини ўраб олди. Полиция ва радикал намойишчилар ўртасида тўқнашувлар бошланди. Радикаллар полициячиларга турли буюмларни ота бошлади, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўзларини қалқон билан ҳимоя қилди ва бунга жавобан сув тўпидан фойдаланишди. Тўқнашувлар пайтида тинч намойишчилар оммавий равишда тарқала бошлади. Бироқ баъзилари қолди.

"Ҳозирда Гаагадаги Маливельт майдони бўш. Бугунги кунда 400 га яқин киши ҳибсга олинган. Уларнинг аксарияти аллақачон қўйиб юборилган", деди Гаага полицияси вакили.

Сўнгги маълумотларга кўра, Нидерландияда коронавирус инфекциясининг 49 593 ҳолати аниқланган, 6090 бемор вафот этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Нидерландияда

Баҳолаганлар

73

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг