Нидерландия Жаҳон чемпионати олдидан йўқотишга учради
Спорт
−
16 Май 1466 2 дақиқа
Нидерландия терма жамоаси ва “Манчестер Юнайтед” ҳимоячиси Маттейс де Лигт белидан операция қилинди ва 2026 йилги Жаҳон чемпионатини ўтказиб юборади. Бу ҳақда “talksport” нашри хабар берди.
26 ёшли футболчи жароҳати сабаб 2025 йил ноябрь ойининг охиридан буён майдонга туша олмаяпти.
“Олти ойлик даволаниш ва тикланиш учун машаққатли меҳнатдан сўнг, жарроҳлик амалиёти ягона йўл эканлигини тушундим. Сўнгги олти ой давомида жамоамга ёрдам бера олмаганим ва Жаҳон чемпионатини ўтказиб юбораётганимдан ҳафсалам пир бўлди. Бироқ, мухлислар қаршисига яна соғлом ҳолда қайтиш учун қўлимдан келган барча ишни қилишни интиқлик билан кутяпман”, деб ёзди де Лигт Instagram ўзининг саҳифасида касалхона палатасидан туширилган суратни илова қилган ҳолда.
2026 йилги Жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Мексика ва Канадада бўлиб ўтади. Унда Нидерландия терма жамоаси “Ф” гуруҳида Япония, Швеция, Тунис терма жамоаларига қарши баҳс олиб боради.
Де Лигт 2024 йилнинг ёзидан бери “Манчестер Юнайтед” сафида тўп сурмоқда. У “Бавария”дан 45 миллион евро эвазига трансфер қилинган эди. Ҳимоячи “қизил иблислар” сафида 56 та учрашувда майдонга тушиб, 3 та гол уришга муваффақ бўлган.
Эслатиб ўтамиз, Нидерландия терма жамоаси Жаҳон чемпионати олдидан жорий йилнинг 8 июнь куни Ўзбекистон терма жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказади.
Live
Барчаси