ЖЧ саралашидан кейин кўринмай қолган Абрамов ўзбек футболига қайтди

Спорт

image

Бугун, 9 август куни “Динамо” ПФКда клуб раҳбарияти ва жамоа аъзолари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда жамоа матбуот хизмати хабар қилди.

Унда жамоанинг Суперлигадаги қониқарсиз натижалари сабабли Андрей Шипилов ўз аризасига биноан клуб билан дўстона хайрлашгани маълум қилинди. Клуб раҳбарияти ва ҳомийлари янги бош мураббий сифатида таниқли мутахассис, Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ устози Вадим Абрамов таклиф этилганини эълон қилиб, уни футболчиларга расман таништирди. 

Қайд этиш керакки, Абрамовнинг энг шонли даврлари 2011 йилда Қатар мамлакатида бўлиб ўтган Осиё кубогига тўғри келади. Ўшанда Абрамов бошқарувидаги Ўзбекистон терма жамоаси қитъа биринчилигида ярим финалгача етиб борган. Шундан сўнг, унинг обрўси ўзбек футбол оммаси олдида мисли кўрилмаган даражада ошиб кетди. У миллий термадан истеъфо бергач, янги мураббийларнинг жамоаси Абрамов даври билан солиштириларди.

Охир оқибат, 2019 йилда Ўзбекистон терма жамоаси бошқарувидан кетган Эктор Купер ўрнига Абрамов тайинланди. Ҳа, Вадим Абрамов ўша тайинлов фаолиятидаги қулаш бўлишини тасаввур ҳам қилмаган бўлса керак. 59 ёшли мураббий бошчилигида Ўзбекистон терма жамоаси тарихда илк бор Жаҳон чемпионати саралашининг иккинчи босқичидан ўтолмади. Абрамовнинг ўзи эса “агент” мураббий деган ном чиқарди.

Ҳозирда, Самарқанднинг “Динамо” клуби Ўзбекистон Суперлигасининг ортда қолган 14 та туридан сўнг, 7 очко жамғариб, мусобақа жадвалининг охирги ўрнида бормоқда. Кўриниб турибдики, янги лавозимда Абрамовга осон бўлмаслиги аниқ.

Маълумот учун, 59 ёшли мутахассис ҳозирга қадар “Трактор”, “Локомотив”, “Нефтчи”, “Бунёдкор” клублари, Ўзбекистон олимпия ва миллий жамоасида фаолият юритган. Вадим Карленович 2019-2021 йиллар давомида Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи сифатида фаолият юритганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Вадим Абрамов “Динамо”

Баҳолаганлар

180

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг