Неймар Бразилия терма жамоасидаги фаолиятини якунлаганини тасдиқлади
Спорт
−
29 июл 762 2 дақиқа
“Сантос” клуби ҳужумчиси ва Бразилия терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар Неймар миллий жамоадаги фаолиятини якунлаганини тасдиқлади. Бу ҳақда у “TV Globo”га берган интервьюсида сўз очди.
“Менимча, Бразилия терма жамоаси билан бўлган ҳикоям якунланди. Мен унга бор кучимни, бутун қалбимни ва бутун ҳаётимни бағишладим. Аммо энди буни давом эттиришни истамайман”, дейди Неймар.
Бразилия терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг 1/8 финалида Норвегияга 2:1 ҳисобида мағлуб бўлиб, мусобақани тарк этди. 34 ёшли Неймар турнир давомида фақат икки учрашувда майдонга тушди. У ҳар икки ўйинда ҳам болдиридан олган жароҳатига қарамай ҳаракат қилди. Жаҳон чемпионатидан сўнг Неймар миллий жамоага қайтмаслигини яна бир бор таъкидлади.
2026 йилги Жаҳон чемпионатигача Неймар Бразилия терма жамоаси сафида сўнгги бор 2023 йил 18 октябрь куни майдонга тушган эди.
У миллий жамоа сафида 130 та учрашувда иштирок этиб, 80 та гол урган ва Бразилия тарихидаги энг яхши тўпурар сифатида фаолиятини якунлади. Ўтказилган ўйинлар сони бўйича эса у 142 та баҳсда иштирок этган Кафудан кейин иккинчи ўринни эгаллайди.
Маълумот учун, Неймар Бразилия терма жамоаси билан 2016 йилги Олимпия ўйинлари чемпиони, 2012 йилги Олимпиада ва 2021 йилги Америка кубоги кумуш медали соҳиби бўлган. Шунингдек, у 2013 йилги Конфедерациялар кубогида ҳам ғолиб чиққан. Айни пайтда Неймар “Сантос” клуби шарафини ҳимоя қилмоқда. У фаолияти давомида “Барселона”, ПСЖ ҳамда Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” клубларида ҳам тўп сурган.
Live
Барчаси