Нетаньяхуга ваъда берган Рубио энди Доҳага ҳам бормоқчи

Олам

image

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио яқин кунларда Қатарга ташриф буюради. Бу ҳақда “The Washington Post” хабар берди.

Ташриф Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи аъзолари АҚШнинг Ғазо секторида сулҳ тузиш бўйича таклифини муҳокама қилиш учун йиғилган Доҳада Исроил ҳаво ҳужуми уюштирилган пайтга тўғри келди.

Рубионинг Қатарга бориш режалари ҳақида аввалроқ “The Washington Post” манбасига таяниб хабар берган эди. Ташрифни кейинроқ Давлат котибининг ўзи Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва Қуддусдаги бошқа юқори мартабали амалдорлар билан 15 сентябрь куни бўлган учрашувда тасдиқлади. Рубио матбуот анжуманида Бош вазирни Қўшма Штатлар Исроилни қўллаб-қувватлашига ишонтирди.

“Ғазо халқи яхшироқ келажакка лойиқ, аммо бу яхши келажак ҲАМАС йўқ қилинмагунча бошланмайди. Сиз бизнинг собит ёрдамимизга ишонишингиз мумкин”, деди у Нетаньяхуга мурожаат қилиб.

Рубио Исроилга расмий ташриф билан 14 сентябрь куни борди. Кетишдан олдин АҚШ Давлат котиби 9 сентябрь куни Исроилнинг Қатардаги ҲАМАС қароргоҳига берган зарбаларидан Оқ уйнинг норозилигини билдирди. Исроил армияси амалиётда Исроилга ҳужумга бошчилик қилган Фаластин гуруҳи аъзолари нишонга олинганини даъво қилмоқда.

“Bloomberg”нинг қайд этишича, Қуддусдаги музокаралар чоғида Рубио Исроилни Қатарга ракета зарбаси бергани учун танқид қилишдан ўзини тийиб, ҳозирда устувор вазифа ҲАМАСнинг таслим бўлиши ва қуролсизланишига эришиш ҳамда Ғазо секторидаги урушни тўхтатиш эканини айтган. Аввалроқ Давлат котиби Доҳага берилган зарба АҚШ-Исроил муносабатларига таъсир қилмаслигини таъкидлаган эди.

Қатар Миср ва АҚШ билан бирга Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги музокараларда асосий платформа ва воситачилардан бири эди. Исроил ҳарбийлари Доҳага ҳужум қилган куни музокараларнинг навбатдаги босқичи бўлиб ўтиши керак эди. Ҳужумдан кейин Қатар воситачилик ҳаракатларини тўхтатишга қарор қилди. Қатар Бош вазири Муҳаммад бин Абдулраҳмон бин Жосим Ол Тани Исроилнинг ҳаракатларини “давлат терроризми” деб атади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Қатарга берилган зарбадан сўнг Исроилга борганди. Давлат котиби Исроилга ташрифидан сўнг 16-18 сентябрь кунлари Буюк Британияга иккинчи давлат ташрифи билан АҚШ Президенти Дональд Трамп делегациясига қўшилади.  


Мақола муаллифи

Теглар

Қатар ҲАМАС Биньямин Нетаньяху Марко Рубио

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг