Нетаньяху ва Байден Ғазодаги вазиятни муҳокама қилди
Олам
−
19 Март
4422АҚШ Президенти Жо Байден кеча, 18 март куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан гаплашиб, Рафаҳдаги вазият ва Ғазога ёрдамни ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларни муҳокама қилди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар берди.
“Президент Байден Исроил ва Ғазодаги сўнгги ўзгаришлар, жумладан, Рафаҳдаги вазият ва Ғазодаги гуманитар ёрдамни кўпайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни муҳокама қилиш учун Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан суҳбатлашди”, дейилади Оқ уй баёнотида.
Исроил ҳукумати матбуот хизмати эса Байден ва Нетаньяху ўртасидаги 45 дақиқалик телефон мулоқоти бўлганини билдирди.
Нетаньяху Байден билан Ғазодаги сўнгги ўзгаришларни ва Исроилнинг барча мақсадларига эришишдаги қатъиятини муҳокама қилганини таъкидлади.
Ҳисоботда қайд этилишича, Бош вазир бу мақсадларни “ҲАМАСни йўқ қилиш, барча маҳбусларни озод қилиш ва Ғазо энди Исроил учун хавф туғдирмаслигини таъминлаш” деб санаб ўтган. Шунингдек, у Исроил Ғазога “ушбу мақсадларга эришиш учун зарур инсонпарварлик ёрдамини” тақдим этишини айтган.
Қайд этиш жоизки, 14 март куни АҚШ Сенатидаги Демократик партия етакчиси Чак Шумер Исроилда янги сайловлар ўтказишга чақирган ва Нетаньяху тинчликка тўсқинлик қилаётганини айтган. Эртаси куни Байден сенаторнинг нутқини юқори баҳолаб, Шумер кўплаб америкаликларнинг хавотирларини билдирганини таъкидлаган.
Нетаняьху эса CNN телеканалига берган интервьюсида Шумернинг нутқи “мутлақо ўринсиз” эканини айтди.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти ва Исроил Бош вазири охирги марта 15 февраль куни телефон орқали суҳбатлашганди.