Нетаньяху устидан суд жараёни бошланди
Олам
−
05 Декабрь 2023
18118Кеча, 4 декабрь куни Қуддус округ судида Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуга қарши коррупция бўйича суд жараёни яна ўз ишини бошлади. Бу ҳақда “The Jerusalem Post” газетаси хабар берди.
Исроил Адлия вазири Яроив Левин ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумидан сўнг барча шошилинч бўлмаган ишлар каби Нетаньяхуга қарши очилган ишни ҳам тўхтатган. Бироқ ўтган ҳафтада суд ишини уруш шароитлари туфайли тўхтатиб туриш муддати тугади.
Ҳозирда Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ҳарбий амалиётлар олиб борилаётгани сабабли Исроил судлари фавқулодда режимда ишламоқда ва фақат шошилинч суд мажлисларини ўтказмоқда.
“4 декабрь куни ҳимоячи Ғазо секторидаги қуруқликдаги операция туфайли суд мажлислари сонини ҳафтасига икки мартагача чеклашни сўради, бироқ судьялар ҳали бу сўровга жавоб бермади”, деб ёзади JP.
Қайд этиш жоизки, уч йилдан ортиқ давом этган суд жараёнида Нетаньяху фирибгарлик, халқ ишончини суиистеъмол қилиш ва пора олишда айбланмоқда. Хусусан, у Алоқа вазири бўлган даврида асосий акциядори медиа-магнат Шаул Элович бўлган Исроилнинг энг йирик телекоммуникация компанияси "Bezeq" манфаатларини илгари сурган ва бунинг эвазига Элович бошчилигидаги "Walla" янгиликлар портали ишига аралашиб, унинг фаолиятига таъсир ўтказган.
Бундан ташқари, Исроил Бош вазири рафиқаси ва ўғлига 2007-2016 йиллар оралиғида қимматбаҳо совғалар, жумладан, заргарлик буюмлари, сигаралар, шампан винолари ва тахминан 700 минг шекел (174 минг евро)лик авиачипталарни, хусусан, Голливуд продюсери Арнон Милчандан коррупцион йўл билан олганликда айбланмоқда.
Исроилда порахўрлик айбловлари учун 10 йилгача қамоқ ёки жарима, фирибгарлик ва ишончни суиистеъмол қилишга эса уч йилгача қамоқ жазоси тайинланади.
Нетаньяху барча айбловларни рад этиб, у фақат дўстларидан совға олгани ва ҳеч қачон пора сўрамаганини айтган.
2020 йилда Биньямин Нетаньяху устидан суд жараёни бошланганида, унга қарши оммавий норозилик тўлқини бутун Исроилни қамраб олганди.
Ўтган йили ҳокимиятга қайтган Нетаньяху ва унинг ҳукумати суд-ҳуқуқ ислоҳоти лойиҳасини, хусусан, Олий суд ваколатларини чеклаш ва судьяларни танлаш устидан Вазирлар Маҳкамасига назоратни беришни назарда тутувчи лойиҳа таклиф этди. Бу эса жорий йилда бир неча ҳафталик норозилик намойишларига сабаб бўлди.
LiveБарчаси