Нетаньяху ҳокимиятда қолиш учун Ғазодаги урушни узайтирди – NYT
Олам
−
12 Июль 4875 2 дақиқа
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху 2024 йил апрелида Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга рози бўлиши мумкин эди, бироқ у ўзининг сиёсий омон қолиши учун буни рад этди. Бу ҳақда “The New York Times” газетаси Исроил, АҚШ ва араб давлатларининг 110 дан ортиқ манбалари билан суҳбатларга асосланиб хабар берди.
Нашрнинг маълум қилишича, Нетаньяху ўзининг ўта ўнгчи коалициядаги иттифоқчилари босими остида ҲАМАС ҳаракати келишувга тайёр бўлган муҳим дақиқаларда музокаралар жараёнини секинлаштирган. У Исроил ҳарбий раҳбарияти буни зарур деб ҳисобламаган тақдирда ҳам жанговар ҳаракатларни давом эттиришни талаб қилди.
“Ниҳоят, 2025 йил январида томонлар ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришганида, Нетаньяху ўнг кучлар ўртасида норозиликни олдини олиш учун қисман март ойида сулҳни бузди. Ушбу ёндашувнинг нархи юқори бўлиб чиқди. Ғазодаги урушнинг тўхтатилмагани минглаб фаластинликларнинг ўлимига сабаб бўлди, баъзи гаровга олинганларни тириклайин қайтарилишининг олди олинди, Исроил жамиятида бўлиниш чуқурлашди, Саудия Арабистони билан тузилган тинчлик битимини торпеда қилди, халқаро ҳамжамият олдида Исроил обрўсига путур етказди. Аммо Бош вазирнинг ўзи учун бунинг оқибати ниҳоятда фойдали бўлди”, деб ёзади газета.
Қайд этилишича, Нетаньяху ўз қўлида максимал кучни жамлаган, 2023 йил 7 октябрда ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми ҳолатларини тергов қилишнинг олдини олган. Бу ҳужумнинг олдини олмагани учун унинг айбдорлигини кўрсатиши мумкин эди. У ўз коалициясини кучайтирган ҳамда Эронга ҳужумни режалаштириш ва амалга ошириш имкониятини қўлга киритган.
“Охир оқибат, ҳатто Нетаньяхунинг энг содиқ тарафдорлари ҳам жангларнинг давом этиши унга ўз лавозимида қолишга имкон берганини тан олишади”, дея хулоса қилади NYT.
6 июль куни ҲАМАС ва Исроил Миср, Қатар ва АҚШ воситачилигида Доҳада Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва анклавда гаровга олинган исроилликларни озод қилиш бўйича келишувга эришишга қаратилган музокара жараёнини қайта бошлади. 10 июль куни Нетаньяху АҚШга ташрифи чоғида Исроил Ғазо секторидаги можарони дипломатик йўл билан ҳал қилишга рози эканини айтди.
Бош вазирнинг таъкидлашича, яҳудий давлати анклавда 60 кунлик ўт очишни тўхтатишга рози, бироқ тўлиқ демилитаризация ва секторда ҲАМАСни ҳокимиятдан олиб ташлашни талаб қилмоқда.
“Агар дипломатия иш бермаса, Исроил бу мақсадига ҳарбий йўл билан эришмоқчи”, деди Бош вазир.
Live
Барчаси