Нетаньяху ҲАМАС ҳужумига тайёр эмас эди – Трамп
Олам
−
12 Октябрь 2023
9820Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҲАМАС ҳаракатининг ҳужумига етарлича тайёр эмас эди. Бу фикрни АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп “Fox News” телеканалига билдирди.
"У тайёр эмас эди, Исроил ҳам тайёр эмас эди. Агар Трамп АҚШ президенти бўлганида, улар умуман тайёргарлик кўришлари шарт эмас эди", деган сиёсатчи.
АҚШнинг собиқ раҳбари Исроил разведка хизматларининг ҳаракатларини танқид қилиб, минглаб одамлар нима бўлаётганини билгани, аммо барибир вазиятнинг кескинлашишига тўсқинлик қила олмаганини айтди.
Шунингдек, сиёсатчи Исроил Мудофаа вазири Йоав Галантни ҳам “аҳмоқ” деб атаган.
“Мен Байден маъмуриятининг юқори мартабали хавфсизлик амалдорлари "Ҳизбуллоҳ" шимолдан зарба бермаслигига умид қилаётганини эшитдим. "Ҳизбуллоҳ" аҳмоқ эмас. Исроилда эса "Ҳизбуллоҳ" шимолдан зарба бермаслигига умид билдирган Мудофаа вазири бор. Қандай аҳмоқ бундай гапларни айтади”, деган Трамп Флорида штатидаги Палм-Бич шаҳридаги сайловолди кампаниясида.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида, агар у АҚШ маъмурияти раҳбари бўлганида, Фаластин-Исроил можаросининг кескинлашуви содир бўлмаслигини ёзган эди.