Непалдаги офат қурбонлари 1200 дан ошди

Олам

image

Непал ва Хитой чегарасида жорий йилнинг 26 август куни юз берган кучли сув тошқинлари ва кўчкилар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 1 252 нафарга етди. Қарийб 4 800 киши бедарак йўқолган. Бу ҳақда “New Straits Times” хабар берди.

Непал Табиий офатлар хавфини камайтириш ва бошқариш миллий бошқармаси маълумотларига кўра, мамлакатда 1 252 кишининг жасади топилган. Яна 5 135 киши жароҳат ёки соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабаб тиббий назоратга олинган, улардан 301 нафари турли шифохоналарда даволанмоқда.

Сув тошқинлари содир бўлган ҳудудлардан 11 993 киши эвакуация қилиниб, хавфсиз жойларга олиб чиқилган. Қидирув-қутқарув ишларига 21 402 нафар хавфсизлик ходими жалб қилинган.

Бедарак йўқолганлар сони 4 216 нафарни ташкил этмоқда. Улар орасида Непалдаги бир нечта гидроэлектр станцияларида ишлаган қарийб 900 нафар ходим ҳам бор. Шунингдек, бедарак йўқолганлар орасида 583 нафар хориж фуқароси қайд этилган.

Табиий офат Непалнинг саккизта ҳудудида катта талафот келтирган. Энг кўп жасадлар Читван ҳудудида – 355 нафар, Шарқий Навалпараси ҳудудида – 218 нафар, Ғарбий Навалпараси ҳудудида – 208 нафар, Нувакотда – 177 нафар ва Расувада – 127 нафар топилган. Шунингдек, Горкхада 69, Дхадингда 60 ва Танахунда 38 кишининг жасади аниқланган.

Табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун халқаро ёрдам ҳам жалб қилинмоқда. Жанубий Кореядан 44 кишилик табиий офат оқибатларини бартараф этиш гуруҳи Непалга етиб бориб, бедарак йўқолганларни қидириш ишларига қўшилган. Бедарак йўқолганлар орасида камида 9 нафар Жанубий Корея фуқароси бор.

Хитой ҳам қидирув-қутқарув ишларига мутахассисларини юборган. Мамлакат, шунингдек, дронлар, ДНК текшируви учун ускуналар ва реагентлар, сувни тозалаш воситалари ҳамда ёритиш мосламаларини жўнатган. Ҳиндистон эса ДНК таҳлили бўйича мутахассисларини юборган.

Хитой томонида эса камида 16 киши ҳалок бўлган, 546 киши бедарак йўқолган. Уларнинг 261 нафари хориж фуқаролари.

Шунингдек, Тибетдаги кўчкидан зарар кўрган Гиронг портига олиб борувчи йўл ҳам қайта тикланган. Йўл бир неча кун давомида тун-у кун олиб борилган таъмирлаш ишларидан сўнг очилган. Шундан кейин қутқарув гуруҳлари, гуманитар ёрдам ва қутқарув ускуналари офат ҳудудига етказила бошланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Непалдаги кучли кўчки оқибатида ҳалок бўлганлар сони 1 127 нафарга етгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг