Непалда собиқ рэпер Бош вазир бўлди
Олам
−
27 Март 2242 2 дақиқа
Бугун, 27 март куни Катмандунинг собиқ мэри, 35 ёшли собиқ рэпер Балендра Шоҳ Непалнинг янги бош вазири этиб тайинланди. Шу тариқа сўнгги ўн йилликлар ичида илк бор ҳукумат тепасига энг ёш мулозим келди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, янги Бош вазирнинг қасамёд қилиш маросими Президент саройида дипломатлар ва юқори мартабали амалдорлар иштирокида бўлиб ўтган. Тадбирда 200 дан ортиқ диний уламолар қатнашган. Шоҳ 14 кишидан иборат янги вазирлар маҳкамасини шакллантирган. Молия вазири лавозимига Гарвард университети битирувчиси, иқтисодчи Сварним Вагл тайинланган.
Шоҳ партияси ғалаба қозонган ушбу сайловлар ўтган йилнинг сентябрь ойида мамлакатда содир бўлган ва 76 кишининг ҳаётига зомин бўлган оммавий аксилкоррупция намойишларидан кейинги биринчиси бўлди. Сиёсий таҳлилчи Пуранджан Ачарянинг таъкидлашича, янги ҳукумат учун илк синовлардан бири ушбу намойишлардаги зўравонликларни ўрганган комиссия ҳисоботини амалга ошириш бўлади – бу ҳалок бўлганларнинг оилалари томонидан қўйилаётган асосий талабдир.
Янги ҳукумат раҳбари доимий сиёсий беқарорлик шароитида иш бошламоқда: 1990 йилдан бери Непалда 32 та ҳукумат алмашган, уларнинг ҳеч бири тўлиқ беш йиллик муддатни ўтамаган. Мамлакат жиддий ижтимоий-иқтисодий муаммоларга ҳам дуч келмоқда – аҳолининг қарийб 20 фоизи қашшоқлик чегарасида яшайди ва ҳар куни 1,5 мингга яқин непаллик хориждан иш излаб ватанни тарк этади.
Ҳиндистон ва Хитой янги Бош вазирга расмий табрик йўллаган. Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди икки томонлама ҳамкорликни юқори босқичга кўтариш ниятида эканини билдирган, Хитой ТИВ эса Непалнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини тасдиқлаган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил сентябрь ойи бошида Непал Президенти Рам Чандра Паудел вакиллар палатасини тарқатиб юборишга ва Олий суднинг собиқ раиси Сушила Каркини ҳукуматнинг вақтинчалик раҳбари этиб тайинлашга рози бўлган эди. Президентнинг бу қарори парламентни тарқатишни талаб қилган “зумерлар инқилоби” иштирокчиларининг талабларига мос келади.