Непал қидирув-қутқарув эмас, техник ёрдамга муҳтож – ТИВ раҳбари

Олам

image

Непал Хитой билан чегарадош ҳудудларда юз берган вайронкор сув тошқинларидан сўнг хорижий давлатлардан қидирув-қутқарув гуруҳларини юборишни эмас, балки техник ва махсус йўналишларда ёрдам беришни сўрамоқда. Бу ҳақда Непал Ташқи ишлар вазири Шисир Ханал “Reuters” агентлигига маълум қилди.

Жорий йилнинг 25 август куни музликларнинг қулашида сўнг Ҳимолай тоғларидаги дарё тизимлари бўйлаб улкан тош, муз, лой ва бошқа чиқиндилар оқими юзага келган. Табиий офат Непал ва Хитойнинг Тибет ҳудудида 600 дан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлган, 2 мингдан ортиқ одам эса бедарак йўқолган.

Сув тошқини Хитой чегараси яқинидаги ҳудудларни вайрон қилиб, бутун бошли шаҳарчаларни яксон қилган ҳамда гидроэлектр станцияларига зарар етказган.

“The Kathmandu Post” нашрининг хабар беришича, Ҳиндистон, Хитой, АҚШ, Буюк Британия, Япония, Жанубий Корея, Шри-Ланка ва Бангладеш ҳукуматга ўз қидирув-қутқарув гуруҳларини юборишни таклиф қилган.

Бироқ Шисир Ханалнинг айтишича, Непалга умумий қидирув-қутқарув ишларида хорижий ёрдам керак эмас. Мамлакатнинг ўз қутқарувчилари бу ишларни амалга оширмоқда.

“Бизда етарли тажриба ва техник билим бўлмаган соҳаларда ихтисослашган хизматлар ва техник ёрдам сўрадик”, деган вазир.

Қайд этилишича, Непал тоннелларда қолиб кетган одамларни қутқариш, вайрон бўлган кўприклар сабаб узилган транспорт ва алоқа тизимларини тиклаш, ҳалок бўлганларнинг шахсини аниқлаш, ДНК тестларини ўтказиш ҳамда жасадларни узоқроқ муддат сақлаш бўйича ёрдамга муҳтож.

Ҳиндистон ва Хитойдан эса табиий офат оқибатида вайрон бўлган ҳудудларда транспорт ва алоқани тезроқ тиклаш учун кўприклар сўралган. Маълумотларга кўра, ҳудудда қарийб 24 та кўприк вайрон бўлган.

Непал ТИВ кеча, 27 август куни мамлакат қутқарув ишларини ҳозирча мустақил равишда олиб бора олишини билдирган ва хорижий қутқарувчиларнинг иштирокини рад этган. Ханалнинг таъкидлашича, бунга сабаб хорижий гуруҳларнинг Непал қутқарувчилари бажараётган ишларни такрорлашига эҳтиёж йўқлигидир.

Непал қутқарув хизмати вакилларига кўра, кўплаб жасадлар сув оқими билан оқиб кетган. Уларнинг бир қисми офат марказидан қарийб 100 километр узоқликдаги Читван ва Навалпараси ҳудудларидан топилган.

“Бу ҳудудлардан яна кўплаб жасадлар топилиши мумкин. Шифохоналар жасадлар билан тўлиб кетган, уларни сақлаш учун совуткичлар етишмаяпти”, деган Ханал.

Непал расмийларига кўра, сув тошқини мактаблар, шифохоналар, гидроэлектр станциялари, йўллар, кўприклар ва бошқа инфратузилмаларга катта зарар етказган. Келгусида мамлакатга вайрон бўлган ҳудудларни тиклаш ва аҳолини реабилитация қилиш учун ҳам хорижий ёрдам керак бўлиши мумкин.

Ханалнинг сўзларига кўра, айрим одамлар гидроэлектр станцияларининг тоннелларида қолиб кетган бўлиши мумкин. Непал тоннелларда қутқарув ишларини олиб бориш бўйича катта тажрибага эга эмас ва бундай операциялар учун махсус ускуналар ҳамда техник билимларга муҳтож.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Непалнинг Расува, Нувакот ва Дхадинг туманларига ёпирилган вайронкор сел оқими оқибатида камида 17 минг нафар бола жабр кўргани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг