Немисча олди-берди

Таҳлил

Миграция инқирози ва энергетик қарамликни тугатиб, унинг таъминотини диверсификация қилиш. Маълумотларга кўра, бугун Германиядек Европанинг энг қудратли давлатини шу икки муаммо анча қийнаб қўйган. Аммо сиз-у бизга қизиқ бир ҳолат шуки, мазкур муаммоларга ечим Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон ва Қозоғистондан изланди. Ўтган 3 кун ичида 15, 16 ва 17 сентябрь кунлари Германия канцлери Олаф Шольц расмий ташриф билан Марказий Осиё давлатлари Ўзбекистон ва Қозоғистонда бўлди. Музокаралар ва уларда имзоланган ҳужжатларга кўра, воқеликлар ҳақиқий немисча ҳисоб-китоб руҳида ўтгандай туюлди. Ташрифи жуда узоқ кутилган канцлер икки қўшни ва қардош давлатдан нима олди, эвазига эса нима берди? Бугун бир қарашда ҳақиқий немисча руҳда ўтган ўта манфаатли келишувлардаги асосий нуқталарга тўхталамиз.

Афғонлар ва малакали ўзбеклар бартери

Германия – миграциядан энг кўп азият чекаётган Европа давлатларидан бири. Буни рақамлар ҳам очиқ-ойдин тасдиқлайди. 2023 йил сентябрь ойида 21 366 киши ноқонуний равишда Германияга кириб борган. Бу сўнгги йиллардаги энг ёмон кўрсаткич ҳисобланади. Полиция маълумотларига кўра, 2023 йилнинг январь-сентябрь ойларида Германияга ноқонуний равишда 92 119 киши кириб борган, бу эса бутун 2016 йил давомида мамлакатга ноқонуний тарзда кирган 112 000 кишидан вақт кесими бўйича кўпроқ. Миграция сиёсатидаги назоратдан чиқиб кетган абгор аҳвол узоқ вақтдан бери бутун Европа ва Германияда қизғин мунозараларга сабаб бўлиб, сиёсатчиларга самарали миграция сиёсатини ишлаб чиқиш учун босим ўтказишда давом этади. Хусусан, Германиянинг энг самарали канцлери Ангела Меркель ҳам 2015 йилда ушбу жараённи жиловлай олмагани учун аҳоли орасидаги рейтинги ўзининг энг паст нуқталаридан бирига тушиб кетганди.

Бироқ бу ҳали ҳаммаси эмасди. 2021 йил август ойида Афғонистондаги сиёсий беқарорлик нафақат минтақага, балки бутун дунё ҳамжамиятига жиддий таъсир қилди. Узоқ йиллик курашлардан сўнг “Толибон”нинг ҳокимиятга келиши уларга ишончсизлик билдирган кўплаб афғонларнинг мамлакатни ташлаб қочишига сабаб бўлди. Ўшанда расмий Берлин дастлаб 33 минг нафар, кейинчалик яна 11 минг қочқинни ўзига қабул қилишга мажбур бўлди. Аммо Афғонистондаги ёмон яшаш шароити ва бошқа омиллар туфайли Толибоннинг ҳокимият тепасига келишидан олдин ҳам кейин ҳам афғон қочқинлари учун Берлин сўнгги илинж вазифасини ўтаган. Хусусан, 2013 йил охирида бундайлар сони Германияда 67 мингга яқин бўлган. Аммо 2021 йил август ойидан, яъни Толибон қайтишидан бошлаб Германияда яшовчи афғонистонликларнинг умумий сони аста-секин 395 минг нафарга етган. Бундай юқори ўсиш эса сўнгги йилларда афғонлар Сурия фуқароларини ортда қолдириб, Германияда ҳимояга муҳтож бўлган энг юқори демографик ўринни эгаллашига сабаб бўлди. Мигрантлар масаласи ҳар доим ҳар бир давлатда зиддиятли бўлиб келган. Бугун эса бундай жараён ҳатто мигрантлар мамлакати АҚШда ҳам йўқ эмас ва бу унинг сиёсий доираларида ҳам салбий қарши олинмоқда. Мамлакатда турмуш сифатининг ёмонлашуви, ишсизлик ва криминоген ҳолат кўпинча мигрантлар билан чамбарчас боғланади, гарчи бу 100 фоиз аниқ бўлмаса-да. Шундай шароитда бугун Германия расмийлари ҳам миграцияга қарши очиқдан очиқ уруш эълон қилган. Июнь ойида мамлакатнинг учта ҳукмрон коалиция партияси раҳбарлари муаммони муҳокама қилиш учун Берлинда учрашди. Ўша учрашувда Олаф Шольц, “биз ниҳоят Германияда қолиш ҳуқуқига эга бўлмаганларни катта миқёсда депортация қилишимиз керак”, деди. У шунингдек, мамлакатнинг қариб қолган ишчи кучлари ўрнига малакали иммигрантларни жалб қилиш зарурлигини ҳам таъкидлаганди. 

Оммавий депортация ва малакали ишчиларни жалб қилиш. Шуни эслаб қолинг, чунки кейинги воқеалар ва бунда Ўзбекистоннинг иштироки айнан шу масала билан узвий боғлиқ. Юқоридаги баёнотлар янграган пайтда нуфузли хориж ОАВлари Берлин ва Тошкент ўртасида қизиқ бир манфаатли олди-берди содир бўлиши ҳақида ёзишни бошлади. QALAMPIR.UZ ўша пайтда “Bloomberg” манбаларига таяниб, “Ўзбекистон Германияга афғон қочқинлари орқали шарт қўймоқчи” мазмунидаги хабарни эълон қилганди. Хабарда ёзилишича, жорий йилнинг май ойи охирида Германия расмий делегацияси Ички ишлар вазири Нэнси Фезер топшириғи билан миграция ва депортация шартномасини муҳокама қилиш учун Тошкентга келган. Унга кўра, бошпана берилмаган ва Германиядан депортация қилинган чекланган миқдордаги афғонлар Ўзбекистонга юборилиши режалаштирилган. Тошкент эса уларни қўшни Афғонистонга жўнатиши керак бўларди. Аниқлик киритилишича, музокараларда Ўзбекистоннинг воситачи бўлиши, Германияга “Толибон” билан тўғридан тўғри алоқа қилишдан қочиш имконини бериши керак эди. Германиянинг мулоқотдан қочишига сабаб, расмий Берлин Афғонистонда ҳокимият тепасида бўлган “Толибон” муваққат ҳукуматини тан олмаслигидир.

Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок 2022 йилда Покистонга ташрифи давомида даҳшатли шароитлар остида инсон ҳуқуқлари бузилар экан, Германия "Толибон"ни Афғонистоннинг қонуний эгаси сифатида тан олмаслигини айтганди. Хўш, кўплаб афғонларни ўз юртига депортация қилиш орқали Германиядаги ноқонуний миграцияни бироз бўлса-да тартиблаштириш фақат расмий Берлиннинггина мушкулини осон қиларди. Аммо Ўзбекистон бундан қандай фойда кўради? Бу масалада воситачи сифатида расмий Тошкентнинг ўз шартлари мавжуд эканлиги ҳақида ҳам хабарлар тарқалганди. Ўзбекистонлик расмийлар келишувга малакали ишчиларнинг Ўзбекистондан Германияга қонуний миграциясига рухсат берувчи икки томонлама тизим йўлга қўйилишини истайди. Содда қилиб айтганда Германиядан чиқариб юбориладиган афғонларни ўз юртига ўтказиб юбориш эвазига, малакали ўзбек ишчиларини немис ерларига мўмай маош эвазига юбориш. Икки мамлакат ўртасидаги мазкур мулоқотга кўпчилик ишончсизлик билан қараган бўлса-да, бугун бунинг деярли амалга ошиш арафасида эканлигига гувоҳ бўляпмиз. Ортда қолган кунларда кўҳна Самарқандда Шольц ва Мирзиёев ўртасида имзоланган шартнома ва ҳужжатлар буни исботлайди. Унга кўра, расмий ташриф доирасида 8 та икки томонлама ҳужжат имзоланди, жумладан миграция ва мобиллик соҳасида ҳам. Ўзбекистон ва Германия ўртасида миграция бўйича имзоланган ҳужжатга кўра, эндиликда 800 дан ортиқ ўзбекистонлик ҳамшира Германияга ишлашга юборилади. Бундан ташқари, Германия компаниялари билан ҳамкорликда автобус ҳайдовчилари ва поезд операторлари тайёрланмоқда. Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазири Беҳзод Мусаевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонлик ҳамширалар Германияга 2200 евро маошга жўнатилади. Демак, Ўзбекистон томони бу масалада ўз мақсадига эришди. Агар юқорида тилга олганимиз, миграция соҳасидаги ўзаро манфаатлар ҳақиқатга яқин бўлса, тез орада Германиядан чиқариб юборилиши кутилаётган ноқонуний афғон мигрантларининг Термиз орқали ўз уйларига истар-истамас қайтишларига ҳам гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Берлиннинг Остона энергетикасидаги илинжи

Германия ўз иқтисодиёти учун энг керакли ресурслардан бири газнинг учдан бир қисмини уруш бошлангунга қадар Россиядан олган ва унинг энергетикасига қарам бўлган. Аниқроқ айтадиган бўлсак, Россиядан кириб келадиган газ Германия учун ушбу соҳадаги умумий импортнинг 32 фоизини ташкил қилган. Нефть импортидаги ҳолат эса бундан-да қарамроқ бўлиб, умумий импортнинг 34 фоиздан ошиқроғини ташкил қилган. Россиянинг Украинага босқини бошлангандан сўнг унинг улкан ҳажмдаги газидан воз кечган немис ҳукумати энди бу бозорни диверсификация қилмоқчи. Қозоғистонга C5+1 формати баҳонасида қилинган ташриф ҳам бежизга эмас. Самарқанддан Қозоғистон пойтахти Остонага йўл олган Шольцнинг Президент Қосим-Жомарт Тўқаев билан муддаоси ҳам газ ва нефть етказиб беришни кенгайтириш. Умуман олганда, энергетика масаласи. Қозоғистон Германияга нефть етказиб бериш бўйича Норвегия ва АҚШдан кейин учинчи ўринда туради. Германия импорт қиладиган нефтнинг қарийб 11,7 фоизи айнан Қозоғистондан олинади. Айни дамда етказиб бериш ҳажми ойига 100 минг тоннани ташкил этади. Шольцнинг ташрифи чоғида икки давлат 2024-йил охиригача бу миқдорни кўпайтириш бўйича келишувга эришиш назарда тутилганди. Билдирилишича, Тўқаев ҳам энергетика соҳасини икки давлат ҳамкорлигининг яна бир устувор йўналиши деб атаган. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон Германия бозорига нефть экспортини оширишга тайёр. Расмий Остона Путин Украинага бостириб кирганидан кейин Россиянинг Германия нефть импортидаги улкан ўрнини эгаллашга киришди. Ҳозир ҳам Остона бу соҳада отни қамчилашда давом этмоқда ва бундан мутлақо манфаатдор. Тўқаев ҳам Шольцнинг чақириғига лаббай дея жавоб қайтарди. У хомашёни юқори сифатдаги замонавий технологияларга алмашиш истагини билдирди. Тенг ва самарали кечган мулоқотда Шольц Қозоғистон билан иқтисодий муносабатлар имкониятларини яхшилаш учун ҳамма нарсани қилишга тайёрлиги ва хомашё соҳасида доимий ҳамкорликни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Ташриф давомида иқтисодий мақсадлардан бироз четлашган раҳбарлар сиёсий жараёнларга қисқача тўхталиб ўтди. Тўқаев Шольц таклифига биноан Украина атрофидаги вазият ҳақида оғиз очар экан, дунё учун бироз зиддиятли баёнот билан чиқди. У баъзилар учун кутилган, баъзилар учун эса мутлақо кутилмаган тарзда Россияни  ҳарбий жиҳатдан енгилмас дея таърифлади. Бундан ташқари, Қозоғистон раҳбари кўпчилик, хусусан Украиналик мавқедоши Владимир Зеленский томонидан танқид остига олинган Хитой ва Бразилиянинг тинчлик режасини мақтади.

“Гап шундаки, Россия ҳарбий жиҳатдан енгилмас. Урушнинг янада авж олиши бутун инсоният ва биринчи навбатда, Россия-Украина можаросида бевосита иштирок этаётган барча мамлакатлар учун тузатиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келади. Афсуски, Истанбул битимини тузишдан бош тортиш билан ҳеч бўлмаганда сулҳга эришиш учун яхши имконият йўқолди. Аммо тинчлик учун имконият ҳали ҳам мавжуд. Турли давлатларнинг барча тинчлик ташаббусларини диққат билан кўриб чиқиш ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилиш, кейин ҳудудий масалаларни муҳокама қилишга ўтиш керак. Бизнингча, Хитой ва Бразилия ўртасидаги тинчлик режаси қўллаб-қувватлашга лойиқ. Давлат раҳбарлари келиб-кетади, лекин халқлар, айниқса, қўшни халқлар тинч ва ўзаро ҳамжиҳатликда яшаши керак. Қозоғистон Россия билан дунёдаги энг узун қуруқлик чегарасига эга бўлиб, мамлакатларимиз ўртасида стратегик шериклик ва иттифоқчилик доирасидаги ҳамкорлик ривожланиб бормоқда. Қозоғистонда улар Украина халқига ва унинг ўзига хос маданиятига чин дилдан ҳамдардлик билан қарашади. Давлатларимиз ўртасида ҳеч қачон келишмовчилик бўлмаган. Киевда мамлакатимиз элчихонаси ўз фаолиятини давом эттирмоқда”, деди Қозоғистон раҳбари.

Икки давлат ўртасидаги иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий масалалардаги музокара ва ҳужжатлар ўз ўрнига, аммо ташрифнинг энг эсда қоларли воқеликларидан бири бу бевосита журналистлар билан содир бўлганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Ўша куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва Германия канцлери Олаф Шольц ўртасида ўтказилиши режалаштирилган қўшма матбуот анжумани Қозоғистон томонининг ташаббуси билан кутилмаганда бекор қилинди. Бироқ шунга қарамай Шольц Тўқаев билан учрашувдан кейин журналистлар билан суҳбатлашди. Қозоғистон расмийларининг бундай қадамини нақадар меҳмондўст деб билиши ҳақидаги саволга жавоб берар экан, канцлер ҳар қандай ҳолатда ҳам бутун дунё бўйлаб журналистлар учун яхши шароит яратилишини чин дилдан исташини таъкидлаган. 

“Мен шунинг учун, бунга озгина ҳисса қўшиш мақсадида сизнинг олдингизда турибман”, дейди у.

Шундай қилиб, канцлернинг Марказий Осиёга ташрифи шу тахлитда кечди ва юқоридаги каби воқеа – ҳодисалар билан эсда қолди.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия Қозоғистон Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қосим-Жомарт Тўқаев Олаф Шольц

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг