“Нега ўз юртимга боролмайман?”. Украина мадҳиясини куйлаган россиялик блогер дардини айтди
Олам
−
04 Октябрь 2023
11274Россиялик блогер Даня Милохин бир йил аввал Украина мадҳиясини куйлагани сабаб Россияга боролмаётгани ва баъзи англашилмовчиликлар ҳақида гапирди. Бу ҳақда “Газета.ru” нашри хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, у бир йил аввал блогер Артур Бабич билан трансляция пайтида Украина мадҳиясидан парча куйлагани учун русларнинг нафратига дучор бўлган. Аммо блогер эфир давомида Россия мадҳиясини ҳам куйлагани, бироқ бунга ҳеч ким эътибор бермаганини айтган. Ижтимоий тармоқларда фақат Украина мадҳияси ижро этилган кадрлар жойланиб, қолгани кесиб ташланганини қайд этган.
“Мен Россия мадҳиясидан кейин Украина мадҳиясини куйлаганман. Аввалига ватаним ҳақида куйладим. Аммо дўстим Бабич мен билан бирга эди, у украиналик. Ва биз икки қатор қўшиқ куйладик. Одамлар эса фақат Украина мадҳиясини кесиб олишганига ҳайронман”, деган тиктокер.
Милохин Дубайга жўнаб кетганида ушбу трансляциядан кесиб олинган видеолар тарқала бошлади. Кейин Хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш бўйича федерал лойиҳа раҳбари Виталий Бородин Бош прокуратурадан Милохинни хорижий агент сифатида тан олишни сўраган. Сўнг афғон фахрийси Роман Жамалуев Бош прокуратура ва Тергов қўмитасига тиктокернинг Россияга киришини тақиқлаш таклифини билдирган.
8 сентябрь куни блогернинг Instagram'даги саҳифасида Москвада олинган кадрлар пайдо бўлди. Бир неча кундан кейин Хавфсиз Интернет лигаси раҳбари Екатерина Мизулина ўзининг Telegram-каналида Россия Мудофаа вазирлиги раҳбариятига Милохинни урушга сафарбар қилиш масаласида мурожаат қилган. Шундан сўнг, блогер дарҳол Россиядан БААга учиб кетган.
Милохин куйланган мадҳияни шарҳлар экан, қилган ишидан афсусда эмаслигини айтди.
Шунингдек, у бутун рус халқига мурожаат қилиб, унга нисбатан салбий муносабатларнинг сабабини тушунмаслигини маълум қилди.
“Мендан нафратланадиган рус халқига мурожаат қилмоқчиман: мен бунинг сабабини тушунмаяпман. Мен Россияда туғилганман, Россияда яшаганман. Бу менинг мамлакатим. Нега мен у ерга боролмайман?”, деган у.
Эслатиб ўтамиз, Американинг “The Killers” гуруҳи солисти Брэндон Флауэрс Грузиянинг Батуми шаҳридаги концертида мухлисларнинг “русофобияси” сабаб кутилмаган вазиятга дуч келганди. У ижтимоий тармоқ орқали мухлисларидан узр сўрашга мажбур бўлган.
LiveБарчаси