Нега Рамазон ойининг бошланиши айрим давлатларда фарқ қилмоқда?
Жамият
−
18 Февраль 2299 2 дақиқа
Нима учун бу йил Рамазон ойи айрим давлатларда 18 февралда, бошқаларида эса 19 февралда бошланди? Саудия Арабистонида ҳилол кўрилгани айтилган бўлса-да, кўплаб давлатларда у кўринмаган. Бундай вазиятда қайси қарорга амал қилиш керак? Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази мазкур саволларга жавоб берди.
Билдирилишича, Ой ернинг барча нуқталарида бир хил вақтда кўринмайди. Ҳилолнинг кўриниши Қуёш билан бир чизиққа келгандан кейин ундан қанча узоқлашгани, уфқдаги баландлиги ва ҳаво шароитига боғлиқ. Ҳилол энг кўп Шимолий Америка тарафларда кўриниш эҳтимолига эга, энг кам эҳтимол эса ер шарининг шарқий қисмида.
Шунинг учун аксар мамлакатларда 17 февраль кечаси ҳилол кўринмаган ва Шаъбон 30 кунга тўлдирилиши тўғри бўлган. Саудиянинг “ҳилол кўрилди” деган хабарига биноан у ерда ва унга эргашган айрим мамлакатларда Рамазон эрта бошланган.
“Бундай вазиятда энг тўғри йўл – ҳар бир юрт ўз муфтийсининг фатвосига амал қилишидир. Одамлар ўзаро тортишувни қўйиб ўз юртида қабул қилинган қарорга бирлашсалар, доим яхшилик устида бўладилар”, дейилади хабарда.
Эслатию ўтамиз, аввалроқ Саудия Арабистони Олий судининг Ой кўриш қўмитаси Рамазон ҳилоли кўрингани муносабати билан 18 феврални Рамазон ойининг биринчи куни деб эълон қилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Мазкур хабарлар ортидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси қўшимча маълумот бериб, Ўзбекистонда Рамазон ойининг биринчи куни 19 февраль кунига тўғри келиши ҳақида қарор қабул қилинганини маълум қилди.
Live
БарчасиАрманистонда отишма юз берди. Қурбон бор
18 Февраль