Нега хотира ёш ўтгани сари ёмонлашиб бориши маълум бўлди
Бу қизиқ
−
05 сентябр 2040 2 дақиқа
Олимлар ёш ўтган сари хотиранинг ёмонлашиб бориши шунчаки унутувчанлик туфайли эмас, балки мия алоҳида воқеаларни аниқ “қайта жонлантиришни” тўхтатиб, уларни бир-бирини қоплайдиган умумий категорияларга аралаштириб юбориши сабабли юз беришини аниқлади. Бу ҳақдаги тадқиқот “Cerebral Cortex” (CC) журналида эълон қилинди.
Қайд этилишича, эпизодик хотираларни – муайян воқеа-ҳодисалар ҳақидаги хотираларни сақлаш учун гиппокамп жавоб беради. Бирор нарсани ёдга олганимизда, у эслаб қолиш вақтида ҳосил бўлган асаб боғланишлари (нейрон занжирлари) схемаларини қайта фаоллаштиради. Олимлар кекса одамларда хотираларнинг хиралашишига айнан ушбу “қайта жонлантириш” жараёнидаги узилишлар сабаб бўлади, деган тахминни илгари сурмоқда.
Бингхемтон университетидан Иан Макдоно раҳбарлигидаги тадқиқотчилар уч хил ёш тоифасидаги 61 нафар кўнгиллини таклиф қилган: 17 нафар ёшлар (18–30 ёш), 21 нафар ўрта ёшлилар (50–60 ёш) ва 23 нафар кексалар (61–74 ёш). Иштирокчилар жуфт қилиб кўрсатилган юзларни эслаб қолган. Бу вақтда уларнинг мияси ўрганиш, дам олиш ва эсга тушириш босқичларида функционал МРТ усули орқали сканер қилинган.
Маълум бўлишича, ёшларда нейрон схемаларининг мос келиши жавобнинг аниқлигини кўрсатган бўлса, кексаларда аксинча, категориялар даражасидаги хатоликларга олиб келган: мия умумий турни “таниган”, аммо деталларни адаштириб юборган. Оқибатда ёшлар жуфтликларни 36 фоиз ҳолатда тўғри аниқлаган бўлса, кексаларда бу кўрсаткич бор-йўғи 20 фоизни ташкил этган. Мия ишидаги фарқлар ёш билан боғлиқ хотира пасайишининг тахминан 30 фоизини изоҳлаган.
Муаллифларнинг сўзларига кўра, гап хотиранинг “ўчиб кетишида” эмас, балки мия деталларни йўқотиб, уларни умумлашган ҳолда сақлай бошлашида. Ушбу механизмни тушуниш кексаликда хотира аниқлигини ушлаб туриш усулларини, масалан мияни ўхшаш воқеаларни яхшироқ фарқлашга ўргатадиган машғулотларни ишлаб чиқишга ёрдам бериши мумкин.
Муаллифлар тажрибани умумлаштиришнинг ўзи нуқсон эмаслигини билдирган: кўплаб воқеалардан умумий қоидани ажратиб олиш қобилияти қарор қабул қилишга ёрдам беради. Муаммо фақат шундаки, ёш ўтиши билан мувозанат хиралашган категориялар томонига сурилади ва конкрет деталлар йўқолади. Олимлар янги маълумотлар хотиранинг нормал ёшга оид “умумлашишини” деменциянинг илк белгиларидан фарқлашга ёрдам беради, деб умид қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ доимий молиявий қийинчиликлар 53 ёшга бориб фикрлаш тезлигининг пасайишига ва хотира сусайишига олиб келиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси