Нечта давлат Украинага қўшин киритишга тайёр?

Олам

image

Украина бўйича тинчлик келишуви доирасида Европа давлатлари ўз қўшинларини юборишга тайёрлигини билдирмоқда. Маълумотларга кўра, Британия ва Франция қўшин юбориш режасини муҳокама қилган ва қарийб 10 та мамлакат Украина ҳудудига қўшин киритишга розилик билдирган. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Bloomberg” хабар берди.

Манбага кўра, Кремль НАТО қўшинларининг Украинада жойлаштирилиши эҳтимолини қатъиян рад этган ва Киевдан шарқий ҳудудларнинг катта қисмини назоратга топширишни талаб қилмоқда. Яқин кунларда Украина учун хавфсизлик кафолатлари пакети ишлаб чиқилиши кутилмоқда. Италия Бош вазири Жоржия Мелони ҳам НАТОга ўхшаш, бироқ тўлиқ аъзоликни назарда тутмайдиган хавфсизлик кафолатларини таклиф қилган.

Нашрнинг ёзишича, Европа етакчилари ушбу режага АҚШ Президенти Дональд Трампнинг қўлловини олган. Трамп яқинда Зеленский ва Европа раҳбарлари билан Вашингтондаги учрашувдан сўнг Путин ва Зеленский учрашувига тайёргарлик бошлаганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, Россия ва Украина Президентлари музокарасидан кейин уч томонлама форматда ҳам учрашув ўтказилиши мумкин.

АҚШ Президенти бу жараённи: “Тўрт йилдан бери давом этаётган урушдаги жуда яхши биринчи қадам”, деб атаган. Унинг таъкидлашича, вице-президент Жеймс Дэвид Вэнс, Давлат котиби Марко Рубио ва махсус элчи Стив Уиткофф Россия ва Украина билан ҳамкорликда мувофиқлашув ишларини олиб бормоқда. Қайси мамлакатда учрашув ўтказилиши ҳозирча номаълум. ОАВ хабарига кўра, АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатлари уни Европада ўтказишга келишиб олган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп “Fox News” нашрига берган интервьюсида Украина тинчлик келишуви ортидан кўп ер олишини, аммо у айнан қайси ҳудудлар назарда тутилаётганини очиқламаганди. Трамп қўшимча равишда Россияни кучли ва қудратли давлатлигини айтиб, ёқса-ёқмаса барибир у анча каттароқ мамлакат эканини таъкидлаган.  


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Украина қўшин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг