Назарбоевнинг жияни 1,6 млрд долларлик активларни давлатга қайтариб берди
3-саҳифа
−
13 Август
2788Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни Қайрат Сатибалди икки йил ичида давлатга 32,8 миллиард тенге ёки 1,6 миллиард доллардан ортиқ ноқонуний сотиб олинган активларни қайтариб берди. Бу ҳақда Қозоғистон Коррупцияга қарши кураш агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, қайтарилган активлар қаторига маъмурий бинолар, эксклюзив заргарлик буюмлари, ҳашаматли уйлар, квартиралар ва автомобиллар, компаниялардаги акциялар ва улушлар, темирйўллар, шунингдек, пул маблағлари киритилган. Уларнинг 661,5 миллион доллари Қозоғистонга чет элдан, хусусан, Австрия, Лихтенштейн, БАА ва Туркиядан қайтарилган.
Қозоғистонда қиймати 158 млрд тенге (тахминан 330 млн доллар) дан ортиқ бўлган 115 та объект, шу жумладан 13 та уй, 10 та бино, 13 та ер участкаси, тўртта квартира, учта иншоот, иккита мадраса биноси, иккита тўхташ жойи, 25 та хона, битта қурилиши тугалланмаган объект, шунингдек, 29 та автомобиль, бешта махсус техника давлат мулкига ўтказилган.
Қайтарилган мулкнинг бир қисми Сатибалдининг яқин қариндошлари, филиаллари ва назорати остидаги компаниялари номига расмийлаштирилган. Кўчмас мулк борасидаги ўрганишлар ҳали ҳам давом этаётгани билдирилган.
Маълумот учун, Қайрат Сатибалди Қозоғистоннинг биринчи президентининг автоҳалокатда ҳалок бўлган укаси Сатибалди Назарбоевнинг ўғли ҳисобланади. У отасининг исмини фамилияси сифатида танлаган. Қайрат “Skyline Investment Company S.A” компанияси орқали Қозоғистон телекоммуникация хизматлари бозоридаги монополиянинг деярли тўртдан бир қисмига эгалик қилган. У йиллар давомида Миллий хавфсизлик қўмитасида ишлаган, сиёсат ва бизнесда фаол иштирок этган, Қозоғистоннинг энг бой одамларидан бири бўлган.
2022 йил 13 март куни тадбиркор коррупцияга қарши кураш хизмати томонидан мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва “Kazaktelekom” пул маблағларини ўта йирик миқдорда ўғирлашда гумонланиб, ҳибсга олинган эди. Эртаси куни компаниянинг капитал офисида тинтувлар ўтказилган, бир ой ўтгач эса тадбиркор назорати остидаги фирмалар “Kazaktelekom” нинг 28,8 фоиз улушини давлат тасарруфига қайтарган.
2022 йил 26 сентябрда суд Қайрат Сатибалдини “Kazaktelekom” АК ва “Транспорт сервис маркази” акциядорлик жамиятидаги ўғирлик иши бўйича олти йилга озодликдан маҳрум қилган. Тадбиркорга нисбатан жиноий даромадларни легаллаштириш ва божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш айблари ҳам текширилган. У ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, давлатга етказилган зарарни қоплашга ваъда берган.
Қайрат Сатибалди ҳозирда жазони ўртача тартибли ахлоқ тузатиш муассасасида ўтамоқда. Ўтган йилнинг декабрь ойида у шартли равишда озод қилиш учун ариза берган, аммо суд аризани “маҳкумнинг хатти-ҳаракати шубҳали” дея тушунтириш бериб, рад этган.
LiveБарчаси