Назарбоевнинг укаси яна бир мулкидан айрилиши мумкин
Олам
−
31 Март 2023
9067Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг укаси Болат Назарбоев “Барис” автомобиль бозоридан айрилиши мумкин. Бу ҳақда маҳаллий “Пятый регион” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Қорасой туман судида прокуратура, маҳаллий ҳокимлик ва Болат Назарбоев ўртасида суд жараёни бўлиб ўтмоқда. Қорасой вилояти прокуратураси умумий майдони 35 гектардан ортиқ бўлган ер участкаларини сотиш бўйича шартномаларни ҳақиқий эмас деб топишни талаб қилмоқда. Бунга сабаб қилиб эса бу ҳудуд суғориладиган экин ерларига тегишли бўлиб, Ер кодексига кўра, қишлоқ хўжалиги ерлари алоҳида муҳофаза қилиниши келтирилган.
Маҳаллий ОАВда ер участкаларини бериш қўпол қонунбузарликлар билан содир бўлгани таъкидланмоқда. Шунинг учун прокурорлар олди-сотди шартномаларини ҳақиқий эмас деб топган ва давлат балансига қайтаришни талаб қилган.
Маълумотларга кўра, 2004 йилдан 2019 йилгача 7 та ер олди-сотди шартномаси тузилган. Давлат ерлари турли вақтларда Қорасой тумани ҳокимлиги, Қаскелен шаҳри ва туман ер муносабатлари бўлими томонидан берилган.
2022 йилнинг ёзида Назарбоевлар Олмаотадаги йирик улгуржи бозорни давлатга қайтармоқчи эканликлари хабар қилинган. 2023 йил февралида Болат Назарбоевнинг компанияларига тегишли Манғистау вилоятидаги 239 минг гектар ва Жамбил вилоятидаги 60 минг гектар ер давлатга қайтарилгани маълум бўлган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Болат Назарбоев Олмаота оғир машинасозлик заводидаги акцияларини давлатга қайтаришга мажбур бўлган эди. Бунга Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг қарори сабаб бўлган.
LiveБарчаси