Назарбоев ва оиласи имтиёзлардан қисман маҳрум бўлди
Олам
−
09 Июнь 2022
9317Қозоғистон Конституциясининг янгиланиши билан мамлакатнинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев ва унинг оила аъзоларига қатор имтиёзлар берган “Қозоғистоннинг биринчи Президенти – миллат етакчиси (Элбоши) тўғрисида”ги қонун ўз кучини йўқотди. Бу ҳақда мамлакат Сенати спикери Маулен Ашимбаев. журналистларга маълум қилди.
“Элбошига келсак, биз Элбошига, унинг оила аъзоларига тегишли нормаларни олиб ташладик. Энди “Биринчи Президент тўғрисида"ги Конституциявий қонун кучини йўқотмоқда. Биз уни Конституциядан олиб ташлаганимиз учун бу қонун ҳам ўз кучини йўқотади”, дейди Ашимбаев.
Сенаторнинг таъкидлашича, Нурсултон Назарбоев бугунги кунда сиёсатга аралашмаяпти.
“Албатта, референдум, сайлов каби оммавий тадбирларда у фуқаро сифатида иштирок этиши мумкин. Аммо сиёсатчи сифатида, Биринчи Президент ўлароқ Қозоғистон сиёсатига аралашмайди. Биз Биринчи Президент билан маслаҳатлашмаймиз, бундай чора йўқ. Айни вақтда ҳукуматнинг барча соҳалари, барча давлат ташкилотлари ўз ваколатини қонуний асосда амалга оширади”, дейди Ашимбаев.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5 июнь куни Қозоғистон Конституциясига ўзгартириш киритиш бўйича референдум бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон Конституциясига ўзгартириш киритишни овоз берувчиларнинг 77,18 фоизи ёки 6,1 миллион киши қўллаб-қувватлади. Сайловчиларнинг 18,66 фоизи ёки 1 миллион 490 минг 470 нафари Конституцияни ўзгартишга қарши овоз берган. МСК маълумотларига кўра, референдумда аҳолининг 68,05 фоизи (8 миллионга яқин фуқаро) қатнашган. Қозоғистонда жами 11,73 миллион фуқаро овоз бериш ҳуқуқига эга.
Маълумот учун, Қозоғистон Конституцияси матнининг учдан бир қисмига тегишли бўлган жами 33 та ўзгартириш овозга қўйилди. Асосий ўзгартиришлардан бири Конституциядан республиканинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевга бағишланган модданинг чиқариб ташланишидир. Тузатишлар қабул қилинганлиги сабабли, у ўзининг кўпгина шахсий имтиёзлари ва Элбоши (миллат етакчиси) мақомини йўқотади, энди унинг ҳуқуқий позицияси собиқ Президентлар тўғрисидаги амалдаги қоида билан тартибга солинади. Назарбоевнинг ўзи Конституциядан унинг номини олиб ташлашни қўллаб-қувватлаган.
Ўзгартиришларда, шунингдек Қозоғистоннинг бир Президенти кетма-кет икки мартадан кўп сайланиши мумкин эмаслиги, шу билан бирга у ўз ваколати муддати давомида партиядан чиқиши кераклиги ҳам назарда тутилган. Бундан ташқари, унинг яқин қариндошларига давлат хизматчиси лавозимларини эгаллаш тақиқланади.
LiveБарчаси