Назарбоев алоҳида ҳуқуқларидан мосуво қилинди. У энди Элбоши эмас

Олам

image

Қозоғистон парламенти депутатлари бугун, 13 январь куни бўлиб ўтган палаталарнинг қўшма мажлисида “Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти – Элбоши тўғрисида”ги қонунни бекор қилди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар берди.  

Ҳар икки палата олдида сўзга чиққан депутат Ерлан Саиров ўтган йили умумхалқ референдуми натижасида мамлакатда янги Конституция қабул қилинганини, унга Қозоғистон аҳолисининг 77 фоизи овоз берганини эслатди. 

“Ўзгартиришларга кўра, Конституциянинг 46-моддасидан биринчи президент Элбошининг мақоми ва ваколатлари Конституция ва конституциявий қонун билан белгиланишини белгиловчи 4-банди олиб ташланди. 

Қозоғистоннинг демократия ва плюрализм сари чуқур сиёсий ўзгаришлари даврида ҳокимиятни хусусий гуруҳлар томонидан эгаллаб олишга олиб келадиган ҳар қандай механизмларнинг олдини олиш муҳим аҳамиятга эга”, дейди мажлис депутати. 

Ўз навбатида, Сенат (парламент юқори палатаси) аъзоси Владимир Волков Конституциянинг 46-моддаси ва “Қозоғистон Республикаси Президенти тўғрисида”ги конституциявий қонуннинг 6-бобида белгиланган умумий кафолатлар энди биринчи президентга ҳам татбиқ этилишини таъкидлади. Унда мамлакатнинг собиқ раҳбарларига тегишли алоҳида қоидалар мавжуд.

Хусусан, 34-моддада собиқ президент, унинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги белгиланган. Шунингдек, 36-моддада: 

“Республиканинг собиқ президенти республика президентининг ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ ҳаракатлар учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас, давлатга хиёнат қилиш ҳоллари бундан мустасно”. 

2000 йилда “Биринчи Президент тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Унга кўра, Элбоши унвонига эга Нурсултон Назарбоев алоҳида мавқега эга эди – биринчи президентни ҳибсга олиш, ушлаб туриш, тинтув қилиш, сўроққа чақириш ва қамоққа олиш мумкин эмас. Қонун Назарбоев ва унинг оила аъзоларига тегишли мулк ва банк ҳисоб рақамлари дахлсизлигини кафолатлаган. Уларнинг барчасига умрбод ҳимоя, алоқа, транспорт ва бошқа имтиёзлар берилди. 

Қозоғистон Адлия вазири Азамат Ескараевнинг сўзларига кўра, биринчи президент ҳақидаги қонун бекор қилинганидан кейин унинг оила аъзоларига дахлсизлик ҳуқуқи берилмайди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Нурсултон Назарбоев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг