Навоийни заҳарли тутун қоплади
Жамият
−
19 Июль 13259 3 дақиқа
Бугун, 19 июль куни тонгги вақтда Навоий вилоятининг Навоий шаҳри ҳудудини чангсимон тутун қоплади. Бу ҳақда вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, бошқарма томонидан шаҳарнинг тутун билан қопланган ҳудудларида ўрганиш ишлари олиб борилган. Ўрганиш давомида Навоий шаҳрида соат 7:00 дан 9:00 га қадар вилоят Экология бошқармасининг таҳлилий лабораторияси ҳамда “Навоийазот” АЖга қарашли Санитар лабораторияси билан жамият атрофида таҳлил ишлари олиб борилган.
Ушбу ҳудудларда таҳлил ишлари олиб борилганда атмосфера таркибида аммиак 1,4 баробар ҳамда водород сульфид 16,8 баробар меъёрдан юқорилиги аниқланган.
Бундан ташқари, вилоят Гидрометеорология бошқармасининг таҳлилий лабораторияси томонидан олинган таҳлиллар натижасида 1-кузатув пости (Зулфия кўчаси)дан углерод икки оксиди 1,04 маротаба, аммиак 1,1 баробар юқорилиги аниқланган. 2-кузатув пости (Меъморлар кўчаси)дан таҳлил ишлари олиб борилганда аммиак 1,2 баробар юқорилиги аниқланган.
“Бугунги кунда “Навоийазот” АЖ ҳудудида текширувларни ўтказиш ва йўл қўйилаётган камчиликларга аниқлик киритиш мақсадида Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш вакили билан келишилган ҳолда текширувларни ўтказиш мақсадида тўпланган ҳужжатлар тақдим этишга тайёрланмоқда. Ўрганиш ишлари якуни билан қўшимча ахборот берилади”, дейилади хабарда.
Тармоқларда кўпчилик ушбу тутун “Навоийазот” АЖ ҳудудидан чиқаётгани ҳақида ёзди, аммо жамият ушбу иддаоларни рад этди.
“Навоийазот”га кўра, ушбу тутун ғарбий ҳудуддан (Навоий халқаро аэропорти томондан) ҳавога кўтарилган ҳамда чангсимон тутун шамол йўналиши бўйлаб корхона усти ва атрофидан ўтиб, кейин бутун шаҳарга тарқалган.
“Шундан келиб чиқиб, фуқаролардан атроф-муҳитнинг ифлосланишида корхонани айблаб, унинг нуфузига салбий таъсир этадиган ва асосланмаган айбловларни қўймасликларини сўраб қоламиз”, дейилади корхона хабарида.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 1 сентябрь куни Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани “Кофрун” МФЙда жойлашган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конига қарашли 604-сонли қудуқда бурғилаш ишлари олиб борилиши вақтида технологик жараённинг бузилиши оқибатида олтингугурт (водород сульфид) гази чиқиши кузатилганди. Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кон яқинида яшовчи фуқаролар хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган. Шундан сўнг, Бош вазир ўринбосари ва бир нечта мутасадди раҳбарлар конга етиб борган. 14 сентябрь куни тахминан соат 13:05 да минорадан чиқиб турган қувурнинг устига ПВО (сизиб чиқишга қарши қурилма) ўрнатилиб, 15 сентябрь куни тўлиқ тизимни пресслаш жараёни олиб борилган ва шу куни соат 16:40 да Барит номли махсус эритма юборилган ва 16:50 да минорадан ва чиқарувчи ускуналардан газ чиқиши тўхтатилганди. 18 сентябрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков ҳудуддан юқори концентрациядаги водород сульфид чиқмаётганини айтди ва юзага келган вазият ишлаб чиқариш билан боғлиқ техник ҳолат эканини таъкидлаганди. Бош прокуратура Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи Ўктам Ўтаев эса ҳолат ортидан 2 нафар шахс вафот этганини айтган. Кейинроқ эса ҳодиса оқибатида 4 нафар фуқаро вафот этгани маълум бўлди. 11 нафар фуқаро эса тан жароҳати олиб, шифохонага юборилган. 17 сентябрь куни ҳам соат 16:00 ларда конга қарашли 604-сон қудуқнинг ён тарафидан юқори босимли водород сульфид гази сизиб чиққан.