Навоийда йирик жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди
3-саҳифа
−
09:44 6262 2 дақиқа
Навоий вилоятининг Навоий шаҳрида гиёҳванд моддаларни сотиш билан шуғулланувчи йирик жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Маълум бўлишича, Навоий шаҳар ҳудуди ўтказилган тезкор тадбир давомида 2000 йилда туғилган йигит 2 граммга яқин гашиш гиёҳвандлик моддасини 600 минг сўмга сотаётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ушланган.
Тезкор қидирув тадбири давом эттирилганда мазкур гиёҳвандлик моддани у 26 ва 27 ёшли навоийлик шахслардан олганлиги маълум бўлган. Олиб борилган тезкор қидирув ишлари давомида мазкур 2 йигит ёнида 8 та ампулада гиёҳвандлик мойи ва 10 дона фальга қоғози ҳамда 6 грамм гашиш гиёҳвандлик моддалари билан бирга қўлга олинган.
Аниқланишича, улар Telegram ижтимоий тармоғидаги бот орқали таъминотчи сифатида хизмат олиб борган. Вазифаси эса, шаҳар ҳудудида гиёҳвандлик моддаларини мижоз билан учрашмаган ҳолда эгаларига етказиш бўлган.
Наркокурьер жиноий гуруҳининг 2000 йилда туғилган аъзоси жорий йилнинг 4 январь куни махсус Telegram бот орқали гуруҳга қўшилган. У махсус онлайн дарсларда малака орттириб, бот раҳбарининг йўл-йўриғи билан ўзининг яшаш хонадонида гиёҳвандлик моддаларини қўлбола усулида тайёрлаб келган.
Тадбир давомида улар томонидан вилоят ҳудудидаги гиёҳвандлик моддалари жойлаштирилган локация манзиллари аниқланиб, у ерда иккита ампулада гашиш мойи қолдириб кетилганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, мазкур ҳолат юзасидан тезкор қидирув тадбирлари уларнинг яшаш хонадонларида давом эттирилганда, 34 дона изотасмалар билан қадоқланган гашиш жами: 1 кг 477 грамм гашиш ҳосилалари ҳамда қўлбола усулда тайёрлаш ва қадоқлаш учун ишлатиладиган буюмлар тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Жиноий гуруҳ шу кунга қадар 1000 дан ортиқ манзилларга гиёҳванд моддаларини жойлаштирган бўлиб, келгусида яна 1 миллиард 220 млн сўмлик, яъни 2 кг 500 грамм гашиш моддасини белгиланган манзилларга етказиб беришни режа қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь–февраль ойларида криминоген вазиятни барқарорлаштириш мақсадида ўтказилган 6025 та махсус тезкор тадбир давомида 45 та жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси