Навоийда туғруқхонага ўз оёғи билан борган аёлнинг ўлиги чиқди

3-саҳифа

image
0:00
0:00
download

Ижтимоий тармоқларда уч нафар вояга етмаган болалар, уларнинг отаси ва бобоси Навоий вилоятида жойлашган туқруқхона комплекси остонасида йиғлаб тургани акс этган видео тарқалди. Қўлига қизининг суратини олган кекса отахон шифокорларнинг саводсизлиги, битта нотўғри укол билан қизи ўлиб кетганини айтмоқда. Марҳуманинг яқинлари ўз видеомурожаатида аёл туқруқхонага ўз оёғи билан юриб келгани, бироқ шифокорлар томонидан кўрилган нотўғри чоралар сабаб қурбон бўлганини таъкидлаб, уларга чора кўрилишини сўрамоқда. 

 

 

Мазкур ҳолатга нисбатан Навоий вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси муносабат билдирди.  

Расмий баёнотда таъкидланишича, жорий йилнинг йилнинг 16 март куни Навоий вилоят перинатал маркази гинекология бўлимига 12 ҳафталик ҳомиласининг нобуд бўлгани ҳақида мурожаат қилган Навбаҳор тумани “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғини (МФЙ)да яшовчи, 1985 йилда туғилган О.Ф. “Ҳомиладорлик 4. 14-хафта  4-кун Туғруқ 3. Ривожланмай қолган ҳомила” ташхиси билан қабул қилинган. 

“Бемор бўлимда даволаш-ташхислаш стандартлари асосида тўлиқ текширувлардан ўтказилиб, ҳомиланинг уч хафтадан ортиқ ривожланмай қолганлиги, умумий қон таҳлилида лейкоцитлар миқдори нормадан ошганлиги  инобатга олиниб, септик асоратларнинг олдини олиш ва  антибиотико-профилактика мақсадида “Цефтриаксон” дори воситасининг 1,0 грами мушак орасига синамасидан сўнг инъекция ўтказиш тавсия берилган. 

2021 йил 16 март куни соат 17:50 лар атрофида муолажа ҳамшираси томонидан ушбу дори воситаси билан ўнг билак соҳасига синама қўйгандан кейин тўсатдан анафилактик реакция, анафилактик шок ва клиник ўлим ҳолати кузатилган. Ўтказилган тезкор реанимацион чора-тадбирлардан сўнг юрак фаолияти тикланиб, реанимация бўлимида узайтирилган суъний нафас бериш аппаратида интенсив даво муолажалари давом эттирилган”, дейилади баёнотда.

Навоий вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасининг ўзига қаратилган оқловида даволаш жараёнида 17, 23 ва 25 март кунлари мамлакатнинг малакали анестезиолог ва реаниматологлари томонидан кўрилиб, керакли тавсиялар берилгани ва буюрилган тавсиялар асосида даво муолажалари олиб борилгани айтилган. 

Ўтказилган интенсив даво муолажаларига қарамасдан жорий йилнинг 25 март куни бемор О.Ф.да биологик ўлим қайд этилган.  

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Навоий шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.  


Мақола муаллифи

Теглар

Навоий

Баҳолаганлар

1229

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг