Навоийда Электр энергиясини сақлаш тизими қурилади
Жамият
−
19 Декабрь 1640 2 дақиқа
Навоий вилоятида йирик энергетик инфратузилма лойиҳаси амалга оширилади. Лойиҳа 300 мегаватт қувватга ва соатига 600 мегаватт қувватга эга объектни кўзда тутади. Бу 17 декабрь куни қабул қилинган “Навоий вилоятида қуввати 300 МВт (600 МВт соат) бўлган электр энергиясини сақлаш тизимини қуриш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида белгиланган.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда “Abu Dhabi Future Energy Company PJSC - Masdar” (БАА) компанияси ўртасида Навоий вилоятида электр энергиясини сақлаш тизимини барпо этиш бўйича инвестиция шартномаси имзоланган. Мазкур лойиҳа аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини барқарор электр таъминоти билан таъминлаш, шунингдек, энергия тизимида юклама кескин ошиб кетадиган даврларда узлуксизликни сақлашга хизмат қилади.
Инвестор ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини лойиҳани амалга ошириш учун ташкил этиладиган махсус Лойиҳа компанияси фойдасига ўтказади. Ушбу компания электр энергиясини сақлаш тизимининг доимий равишда ишга тайёр ҳолатда бўлишини кафолатлаш мажбуриятини ўз зиммасига олади.
Шунингдек, Лойиҳа компанияси электр энергиясини сақлаш тизимини ягона электр энергияси тармоғига улаш учун зарур бўлган электр узатиш тармоқлари ва подстанцияларни қуриши белгиланган. Лойиҳа ишга туширилгандан сўнг мазкур инфратузилма объектлари “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятига топширилади.
Қайд этилишича, электр узатиш тармоқлари ва подстанцияларни қуриш учун Лойиҳа компанияси томонидан сарфланган харажатлар электр энергияси тарифи таркибида инобатга олинади.
Мазкур лойиҳа энергетика соҳасида замонавий технологияларни жорий этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш ҳамда мамлакат энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон Ўзбекистондан электр энергияси олишни бошлагани ҳақида хабар берилганди. Айни пайтда Тожикистон суткасига 2 млн кВт/соатгача электр энергияси оляпти. Ўзбекистоннинг имкониятлари кенгайган тақдирда етказиб бериш ҳажмларини ошириш ҳам режалаштирилган.
Live
Барчаси“Самарқанд дарвоза”да Tahoe ёниб кетди
19 Декабрь