Ўзбекистонда 11 та янги ГЭС қурилади. Президент янги лойиҳалар билан танишди
Жамият
−
23 Февраль 2021
4551Кеча, 22 февраль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятида ҳамда гидроэнергетика тармоғида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди.
Навоий вилояти – саноатлашган ҳудуд. Тоғ-кон, кимё, қурилиш материаллари ва тўқимачилик тармоқлари вилоят иқтисодиётининг “драйвер”лари ҳисобланади. Бу ерда йилига қиймати 65 триллион сўмдан зиёд саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
Жорий йилда Навоий вилоятида 576 та лойиҳа амалга оширилиши мўлжалланган. Уларнинг умумий қиймати 18 триллион 600 миллиард сўм. Соҳалар кесимида айтганда, лойиҳаларнинг 200 таси саноат, 179 таси хизмат кўрсатиш, 197 таси қишлоқ хўжалиги тармоқларида. Буларнинг натижасида қарийб 18 триллион сўмлик ишлаб чиқариш қуввати ташкил этилиб, 16 мингта иш ўрин яратилади. 123 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот тайёрланиб, 125 миллион долларлик экспорт таъминланиши кўзда тутилган.
Хусусан, қурилиш материаллари тармоғида акрил тош, базальт панеллар, ёғоч толали плиталар, пол ва девор учун қопламалар, шиша маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Мисол учун, Зарафшон шаҳрида ойна корхонасини шу йил декабрда ишга тушириш режалаштирилган. Унда 350 киши меҳнат қилади.
Кимё саноатида 20 та лойиҳа шакллантирилган бўлиб, жорий йилда 9 таси фойдаланишга топширилади. Натижада талаб юқори янги маҳсулотлар ўзлаштирилиб, 430 дан зиёд кишининг бандлиги таъминланади.
Тўқимачилик тармоғидаги лойиҳалар ҳам истиқболли. Хусусан, жорий йилда барча шаҳар ва туманларда 28 та корхона ташкил этилиб, 5 минг 800 га яқин иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
Давлат раҳбари лойиҳаларни сифатли, илмий ёндашган ҳолда амалга ошириш, замонавий технологияларни жалб этиб, қўшимча қиймат яратиш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариб, экспортга йўналтириш юзасидан кўрсатмалар берди.
Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 2 майдаги қарори билан 2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури маъқулланган эди. Бу дастурга жами 3 миллиард 400 миллион долларлик 65 лойиҳа киритилган бўлиб, шундан 34 таси янги қувватлар ташкил этиш, 31 таси мавжудларини модернизация қилишга қаратилган. Бугунги кунда 1 минг 100 мегаваттлик 12 та лойиҳа ишга туширилган. 950 мегаваттлик яна 20 та лойиҳа якуний босқичда амалга оширилмоқда.
Жорий йилда умумий қиймати 1 миллиард 420 миллион доллар бўлган 16 та лойиҳа режалаштирилган. Хусусан, 11 та янги гидроэлектр станцияси қурилиб, 587 мегаватт электр қуввати яратилади. Қолган 5 та лойиҳага кўра, мавжуд станциялар модернизация қилиниб, ишлаб чиқариш имконияти кенгайтирилади.
Тақдимотда соҳани трансформация қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Президент лойиҳаларни яна бир бор қайта кўриб чиқиб, сифат жиҳатидан такомиллаштириш юзасидан кўрсатмалар берди.