Навальний Путиннинг партиясига қарши ҳар қандай номзодга овоз беришга чақирди
Олам
−
21 Август 2023
3949Мухолифатчи Алексей Навальний ўз тарафдорлари ва мухолиф сайловчиларни 2023 йил сентябрда бўлиб ўтадиган Россия сайловларида иштирок этишга ва “Ягона Россия” партиясига қарши ҳар қандай номзодга овоз беришга чақирди. Бу ҳақда у ўзининг блогида ёзди.
Сиёсатчига кўра, у ҳали ҳам “Ақлли овоз бериш”ни энг яхши стратегия деб билади, аммо 2023 йилги вазиятда бу иш бермайди. Чунки ҳокимият мухолифат томонидан қўллаб-қувватланган шахсларни нафақат сайловдан четлатади, балки қамоққа ҳам олади.
Бундан ташқари, Навальний юқори даражадаги фирибгарлик ва сайлов кузатувчилари фаолиятига чекловларни ҳам келтириб ўтган.
“Биз мухолифат сайловчиларини сайловга бориш одатини сақлаб қолишимиз керак. Эртами-кечми Россияда улар нисбатан эркин бўлади. Биз уларни мағлуб этишимиз керак. Сайловнинг маъноси йўқлигига ўзимизни ишонтириб, унга бормасликка одатлансак, бу иш бермайди”, дейди Навальний.
Шунингдек, у ҳозирги вазиятда орқага қадам ташлаш ва “Ягона Россия”га қарши ҳар қандай номзод учун овоз бериш стратегиясига қайтиш кераклигини айтиб ўтган.
“Ҳукмрон партия ва унинг номзодларига максимал даражада зарар етказиш учун сайловга боринг”, дейди мухолифатчи.
Маълумот учун, россиялик мухолифатчи Алексей Навальний экстремизм айби билан 19 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Яқинда у махсус режимга ҳукм қилинганидан кейин колониядан ўзининг биринчи мактубини ёзиб, унда Россиянинг биринчи президенти Борис Ельцин ҳамда унинг атрофидагилар 1990 йилларда олиб борган сиёсатни қоралаб, улар мамлакатда демократия қуришга ҳисса қўшмаганини айтган эди.