Навальний қолган меҳмонхонадан “Новичок”нинг изи чиқди
Олам
−
17 Сентябрь 2020
8998Россиялик мухолиф сиёсатчи Алексей Навальний қолган Томскдаги меҳмонхона хонасидан заҳарли модда изи чиқди. У Коррупцияга қарши кураш фонди ходимлари томонидан топилган. Бу ҳақда Навальнийнинг Instagram'даги расмий аккаунтида хабар берилди.
“Новичок” гуруҳига кирувчи заҳарнинг излари бўлган шишани Навальнийнинг хонасидан унинг сафдошлари олиб кетишди. Навальнийнинг Instagram саҳифасида у Томскда жойлашган меҳмонхона хонасининг фотосуратлари жойлаштирилди.
Коррупцияга қарши кураш фонди ходимларининг хабар беришича, сиёсатчининг соғлиғи ёмонлашгани тўғрисида маълумот олингандан сўнг, унинг хонасидан бир нечта нарсалар олиб кетилган.
Улар орасида меҳмонхона суви бўлган бир шиша ҳам бор эди. Кейинчалик, шиша ўрганиш учун Германияга олиб кетилди. Шишадан эса заҳар излари топилди. Қайд этилишича, ҳамма нарса Навальнийнинг адвокати иштирокида камерага туширилган.
Германия канцлери Ангела Меркель натижаларни шарҳлаб, ўтказилган тадқиқотларда ҳеч қандай шубҳа йўқлигини айтди. У Навальний ҳақиқатан ҳам, “Новичок” гуруҳига кирувчи заҳарли модда билан заҳарланганини айтмоқда.
Маълумот учун, бир неча кун олдин Aлексей Навальний комадан чиққанди. У ҳеч қандай аппарат ёрдамисиз ўзи нафас ола бошлагани айтилганди.
Эслатиб ўтамиз, Алексей Навальний Томскдан Москвага самолётда қайтаётганда тоби қочиб, зудлик билан Омскдаги шифохонага ётқизилган. Унинг тарафдорлари Навальнийни Германияга олиб кетиш ҳаракатига тушган. Аммо икки кун давомида Омскдаги шифохона шифокорлари уни кўчиришга рухсат бермади. Сиёсатчининг тарафдорлари бунда Кремлнинг қўли борлигини иддао қилган.
Навальний Берлинга олиб кетилгач, Германия Ҳукумати 2 сентябрь куни у “Новичок” гуруҳига кирувчи модда билан заҳарланганини айтди. Расмий Берлин Россиядан бу бўйича изоҳ талаб қилди. Франция ва Швециядаги мустақил лабораториялар ҳам Навальнийнинг таҳлилларини текшириб, у заҳарланганини тасдиқлаганди.
Европа Парламенти Навальний билан боғлиқ вазият сабаб санкциялар жорий қилиш тўғрисида резолюция қабул қилди. Унда Коррупцияга қарши фонд суриштирувлари бўйича коррупция жиноятига алоқадор деб топилган шахсларга санкция жорий қилиш кераклигин айтилган.
LiveБарчаси